“Вақф” фонди табиий офат туфайли уйидан айрилган хонадонларга ёрдам беради

Ўтган ҳафтада юртимиз ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида содир бўлган сел тошқини туфайли айрим вилоятларда бир неча хонадонлар зарар кўрди. Ёмғир сувлари томорқалардаги экинлар ва чора ҳайвонларига зиён етказди. Юзага келган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, турли ташкилотлар томонидан куч-воситалари жалб қилиниб, кўрилган талофатларни бартараф этиш чоралари ва моддий-маънавий кўмаклар берилмоқда.

Шу мақсадда, 28 апрель куни “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов табиий офат туфайли уйидан айрилган оилалар ҳолидан хабар олиш учун Қашқадарё вилояти Қамаши туманига борди.

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани 25 та аҳоли хонадонларининг ёрдамчи уйларига ва ҳовлисига сел сувлари талофат етказган. Мана шундай табиий офатлардан бири Қашқадарё вилояти Қамаши тумани, Қизил кўл қишлоғида истиқомат қилувчи икки нафар оила – Раҳимов Собир ҳамда Норчаева Ироданинг хонадонидир. Сув тошқини оқибатида бу икки оила ўз хондонларидан буткул айрилган.
– 24 апрель куни қўй-қўзиларни ўтлатиш мақсадида, адирлик томон ҳайдаб бордим. Тунги соат иккилар чамаси аёлим қўнғироқ қилиб, уйга эшикдан сув кираётгани ҳақида хабар берди. Шошганча келсам, уйимиз эшигидан кирган сув тиззадан ошган. Бир амаллаб уй ичкарисида қолган аёлим ва икки қизимни олиб чиқдим. Бироз вақтдан сўнг уйимиз бутунлай вайрон бўлиб, бир уюм лойга айланди. Ҳатто, ҳужжатларимизни ҳам олишга улгурмадик, –– дейди Қамаши тумани Қизилкўл қишлоғида истиқомат қилувчи Раҳимов Собир.

Табиий офат Қамаши тумани Карвон қишлоғидаги яна бир оила бошига ташвиш олиб келди. Вояга етмаган тўрт нафар фарзанди бор Норчаева Ироданинг турмуш ўртоғи тайинли ишда ишламайди. Асосан мавсумий меҳнат орқали кун кечараётган оила бир неча йиллар давомида қийинчилик билан 3 хонали уйни қуриб битказди. Аксига олиб уй девори пахсадан бўлгани сабаб қаттиқ ёмғир натижасида, қишлоқ ёнидан оқиб ўтаётган каналга келган сел каналдан тошиб чиқиб, Норчаевлар хонадонини вайронага айлантирди.


“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўз уйларидан айрилган ушбу икки хонадон аҳлининг дардларига қулоқ осди. Фонд томонидан уларга қисқа муддат ичида қуриб битказиладиган янги хонадонлар учун моддий кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Азиз, саховатпеша ватандошлар! Табиий офат туфайли уйларидан айрилиб, кўмакка муҳтож ватандошларимизга ёрдам беришда сизларнинг ҳиссангиз беқиёс.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *