Исломимиз гўзал бўлсин (1-қисм)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ». (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Киши ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг исломи гўзал эканлигидандир”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига исломи гўзал ва иймони мукаммал бўлишида муҳим омил дунё-ю динда ўзи учун кераксиз ва бефойда нарсалардан воз кечиш эканлигини баён этмоқда. “Нарсалар” деб таржима қилинган ҳадисдаги сўз инсон томонидан қилинадиган барча зоҳирий ва ботиний иш-ҳаракатларни ўз ичига олади. Ушбу ҳадиси шарифда амаллар тўрт хил бўлишига ишора бор:

  1. Инсон ўзи учун аҳамиятли ишларни қилиши – яхшилик
  2. Инсон ўзи учун аҳамиятли ишларни тарк қилиши – ёмонлик
  3. Инсон ўзи учун бефойда ишларни тарк қилиши – яхшилик
  4. Инсон ўзи учун бефойда ишларни қилиши – ёмонлик

Инсон учун фойдали ишлар икки хил бўлади: ҳаётий заруратлар ва охират ободлиги билан боғлиқ. Инсон яшаши учун еб-ичиш, кийиниш каби зарурий ҳаёт эҳтиёжлари учун ҳаракат қилади. Зеро бу имтиҳон дунёсида инсон ўз зиммасидаги вазифа ва ибодатларни адо қилиш учун ҳаётий эҳтиёжларини қондириши зарур. “Яшаш учун ейиш керак”, дейилгани каби дунё ҳаётидан охират ободлиги учун восита сифатида фойдаланиш керак. Аммо дунёга берилиш, мол-дунё хирси, обрў-мартаба, ҳой-ҳавас, кибр-ҳаво ва манманлик ортидан қувиш, “ейиш учун яшаш” инсонга бирор манфаат келтирмайди.

Киши ўз динининг кўрсатмаларига риоя қилиши, буюрилган ибодатларни адо қилиб, қайтарилган ишлардан қайтиши, ихлос билан ислом ва иймон талабларини бажариши мусулмон учун энг муҳим ишлардан ҳисобланади.

Инсон уй-жой қилиш, еб-ичиш, кийиниш каби яшаши учун муҳим бўлган эҳтиёжларини исроф қилмасдан ва меъёрида қондириши керак. Аммо мол-дунё кетидан қувиш, маишатпарастликка берилиш, тама қилиш, фоизхўрлик қилиш, бировларнинг ҳақини зўравонлик билан ейиш, зулм қилиш, фирибгарлик, қаллоблик ва алдоқчилик каби разил сифатлардан сақланиш керак. Шунингдек, мўмин киши вақтни зое кетказувчи ҳамда дунё ва охиратда бирор нафи тегмайдиган турли ўйинлар, ҳазил-ҳузул каби кўнгил очар одатлардан йироқ бўлгани яхши. Чунки беҳуда ўтказилган вақтлар учун масъул эканлигимизни унутмаслик лозим.

Бу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қисқа сўзларда кенг маъноларни ифодалаган ҳадисларидан биридир. Уламоларимиз мазкур ҳадисни диннинг ярмини ўзида мужассам этган, деб баҳолаган. Зеро дин кўрсатмалари бажариш ва тарк этишдан иборат бўлиб, ҳадис тарк этилиши лозим бўлган барча нарсани ўзига қамраб олган. Айрим уламолар эса ушбу ҳадис динни тўлиқ ўзида мужассам этган, дейишган. Чунки ҳадисда мусулмон киши бефойда ишлардан қайтиши билан бирга охиратда манфаат берадиган ишларни қилиш зарурлиги баён этилган.

Мўминжон УСМОНОВ

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *