Мусулмоннинг ўзга дин вакиллари билан муносабати

Аллоҳ таоло ер юзида инсонни турмуш кечириши учун тоза ҳаводан нафас олиши, зилол сувлардан баҳраманд бўлиши ва озод Ватанда кўзини қувонтирувчи азиз фарзандининг камол топаётганини неъмат қилиб бергани улкан саодатдир. Бунинг эвазига эса Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади.

Мустақиллик бировларга қарам ва муте бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимизга ато этган энг улуғ неъматларидан биридир. Бу шундай неъматки, ҳар куни, ҳар соат бунга шукр қилишимиз лозим. Бу неъматнинг моҳиятини англаш учун мустақиллик йилларда Ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликларни  мустабид тузум ҳукмронлиги остида кечирилган давр билан солиштириш кифоя қилади. Мусаффо ва бағрикенг дин бўлган Ислом дини инсонларни эзгуликка ва  яхшилик қилишга ҳамда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик бўлишига чақиради. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) ҳурмат қилиш ва ўша дин аҳлларига мурувват кўрсатишни, маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ўзга дин вакилларига ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлдилар. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ва адолатли бўлишга берган кўрсатмаси эди.

Ислом динида мурувват, диний бағрикенглик динлар тарихидаги бир янгилик бўлди.  Ислом дини биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг шиорларини ўртага ташлади: “Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар. Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”, деган тамойилга амал қилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар. Кўплаб ҳадисларида ғайридин бўлганларга ҳам яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Ўзлари  аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлиб уларга ҳадялар бериб ва улардан ҳадиялар қабул қилганлар. Ҳаттоки: “Ким аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”).

Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий аҳиллик ва тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу борада бутун жаҳон аҳли бизга ҳавас билан қараяпти. Жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш лозим бўлади. Тинчликка  раҳна соладиган, динимиз ва бошқа динлар равнақига ҳам зиён етказиш ғаразида бўлганлар билан  муроса қилмаслик динимиз талабидир.

Лекин, сир эмас, қора ниятли кучлар ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фитначи гуруҳлар юртимизда эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларни кўролмасдан. Марказий Осиёда Ислом динининг тутган ўрнидан фойдаланиб, минтақада диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларини тарқатишга  уринишмоқда.

Мана шундай вазиятда барчамиз Ислом динининг моҳияти ва таълимотига содиқ қолиб, аҳолимизни, хусусан ёшларимизни диний бағрикенглик, мустаҳкам эътиқод, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашимиз лозим бўлади. Зеро, Исломнинг асл манбаларини яхши билмаган кишиларнинг ҳақ йўлдан чалғитишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари осон кечади. Шунинг учун ҳам халқимизни билимдон бўлишга тарғиб этиш, динимизнинг бағрикенглик дин эканлигини таништириб бориш долзарб саналади. Қуръони карим инсонларни яхшилик қилишга, бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, қон тўкмасликка чорлайди.

Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё халқлари қатори Ўзбекистон халқининг ҳам қалбларини қаттиқ ларзага солади.

Тинчликни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ёшларимизга тўғри тушунтириш, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган кучларга қарши туришимиз зарур.

Юртимиз мусулмонлари бошқа дин  вакиллари билан биргаликда Ватанимиз равнақи йўлида ҳаракат қилмоқдалар. Мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида турли миллат вакилларининг ибодатларини эмин-эркин адо этишларига алоҳида эътибор қаратилган, шароитлар яратилган, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва эллатларни, тинчлик ва ўзаро ҳурмат билан истиқомат қилишларида мададкор бўлсин.

Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имоми ва
 “Янги-ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 (манбалар асосида тайёрланди)

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *