Одоб-ёшлар таянчи

Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия-одобни беришдир.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (алайҳис-салом): «Ота-она ўз фарзандларига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани бера олмайди«, дедилар.

Демак хусни хулк инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки хусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади. Чунки этиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, элига, юртига садоқатли, фидои инсон бўлиб вояга етади.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳис-салом): «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар» — деб марҳамат қилганлар. (Муслим ривояти)

Ота-она фарзандини одобини чиройли қилиш билан бирга уни турли хил иллатдан сақлаши керак. Фарзандини ҳар томонлама мукаммал инсон бўлишлиги учун уни билимли, ҳунарли ва жисмонан бақувват қилиб вояга етказмоғи лозим.

Зеро Расулуллоҳ (алайҳис-салом): «Фарзандларизга сувда сузишни, камонда отишни, найза улоқтиришни, отда чопишни ўргатинглар”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифда фарзандларимизни чаққон, соғлом, бақувват ва зийрак қилиб тарбиялашга тарғиб қилганлар.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач келажагимиз бўлган ёшларга алоҳида эътибор берилмоқда. Ота-она фарзандларига яхши, савобли ишларни қилишга, ёмон ишлардан узоқ бўлишга, доимо инсонларга ёрдам беришга ўргатмоғи керак.

Фарзанд камоли ва тарбиясида ота-она нечоғли масъул бўлса, фарзанд ҳам ота-онани ҳурмат қилиш, уларга меҳр кўрсатиш, итоат қилишга бурчлидир. Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб уларнинг ҳузурини кўрайлик.

Суюнбоев Баходир

Гулистон шаҳар “Ат-Термизий” масжид имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *