Омонатдорлик инсон зийнатидир

Омонат хоҳ мол, хоҳ бошқа нарса бўлсин, инсонларнинг омонат учун берилган нарсаларини ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в.)дир.

У зот омонат бобида ҳам барча умматларига ўрнак эдилар ва “хиёнат” мунофиқликнинг энг катта белгиларидандир деб такидлаганлар;

«Мунофиқнинг белгиси учтадир – ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш.» (Бухорий ва Муслим ривояти)[1]

Омонатга хиёнат этишлик мунофиқлик аломатларидандир. Яъни, агар унга биров омонат қўйса, омонатдорлик қилмайди. Балки, унга омонат қўйилган ҳақларга хиёнат қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:

«Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз омонат қўйилган киши омонатни адо қилсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин!»[2]

Баъзилар сизга ишонгани ва сиз ҳақингизда яхши ўйда  бўлгани учун ўз ҳақини бериб қўяётганида гувоҳ чақирмайди, сиздан васиқа-ишонч қоғози олмайди. Бу кишининг ҳаққига риоя этишингиз ва унга хиёнат қилиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишингиз лозим.

Агар бир киши сизга қарз берса ва у сизга ишонса, гувоҳ чақирмаса, қарзни ёзмаса бу омонатни мазкур оятдаги омонат деб билинг: «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз» яъни агар унга молини қарз ёки шунга ўхшаш бирон нарсани омонат ыўядиган бўлса, омонатдор бу омонатни ўз эгасига саломат етказсин. У қуйидаги оятда ҳам зикр қилинган:

 “Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир.”[3]

Бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳаыида шундай ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.) Каъба калитини Усмон ибн Талҳа (р.а.)дан олганларида нозил этилган. Каъбанинг ҳижобати (каъба пўшини янгилаб туриш) Бани Абдуддор қўлида эди. Усмон ибн Талҳа мана шу қабиладан эди. Макка фатҳ этилганида пайғамбаримиз (с.а.в.)Усмондан калитни талаб қилдилар. Усмон «омонатгами» деганида Расулуллоҳ (с.а.в.) «ҳа» деб жавоб бердилар. Калит Расулуллоҳ қўлларига ўтгач Аббос: «Уни менга беринг. Токи сиқоят ҳам садонат (ҳожиларга сув-овқат бериш) ҳам менда бўлсин», – деб уни пайғамбаримиздан ўзига беришларини сўради. Шунда Аллоҳ юқоридаги ояти каримани нозил қилди. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) калитни Бани Абдуддордан омонатга олган эдилар. Аллоҳ таоло бу омонатни эгасига қайтариб беришни буюрди. Чунки, Бани Абдуддор Каъба садонати ва ҳижобатига бошқалардан кўра ҳақлироқ эди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга омонатни қайтардилар, оят гарчи мана шу ҳодисага хос тушган бўлсада у барча омонатга доир масалаларга умумийдир. Чунки,  хусусий сабаб эмас, лафзнинг умумий эканлиги эътиборга олинади. Ҳар ҳолда инсонлар ўртасидаги нарсаларда омонатлар кўп. Бунга сир-асрорлар, молу давлат ҳам киради.

Юқорида таъкидлаганимиздек Пайғамбаримиз (с.а.в) омонат бобида барча умматларига ўрнак эдилар. Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолатга етишдилар. Омонатга хиёнат қилмасдан, уни чиройли адо этишликнинг уддасидан чиқишлик – бу жуда улуғ фазилатдир. Омонатдор бўлишлик, кишиларнинг ишончларини оқлашлик нақадар қийин иш бўлганлигидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлишлик ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд. Аввало, ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ва пайғамбари ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари барча бандаларнинг бир-биридаги омонатга хиёнат қилмасликдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

 “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”.[4]

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладиларки;

 “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Бу билан Пайғамбаримиз (с.а.в) айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкул муаммолар вужудга келади.
Масалан, бировнинг шаънига айтилган нотўғри сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, унинг зиддига нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

Давлат томонидан ўзига ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва меҳнатсиз даромад орттириш мақсадида баъзи раҳбар ҳамда ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суиистеъмолга ўтадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳам масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам ҳақчил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад, қилиш порахўрлик, масъулиятсизлик каби ижтимоий иллатларга қарши чора ва тадбирларни кучайтириб бораётгани мақсадга мувофиқдир. Ислом дини таълимотида турли ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий ман қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Инсон ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб топган ҳалол ризқу рўзисига қаноат қилиб, яшаб борса, айни муддао бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

 “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган)аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар”.[5]

Аймухаммедов Зиёуддин
Оқ олтин тумани «Хожи Шайхуддин хўжа» жомеъ масжиди имом хатиби 


[1] Минг бир ҳадис. Тошкент, “Ўзбек маскани” 1991йил 9-бет.

[2]Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: “Тошкент Ислом Университети”, 2004. “Бақара” сураси 283-оят.

[3] Қуръони Карим. “Нисо” сураси  58-оят.

[4] Қуръони Карим «Анфол” сураси 27-оят.

[5]Қуръони Карим “Муъминун” сураси 8-оят.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *