Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратларини ўрганамиз

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади, у: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди, улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», деган жавобни беради”.

Шундай экан, сиз-у биз ҳам У зотга ушбу кириб келган рабиъ-ул аввал ойида кўплаб саловотлар айтиб, Аллоҳ таолого ва У зотнинг росули Пайғамбаримиз (с.а.в) га муҳаббатларимизни зиёда қилмоғимиз ва ваъда қилинган мукофотларга сазовор бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида:  Ким менга бир маротаба саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деб марҳамат қилганлар.

 

Жаҳолат бобини беркитиб буткул

Қабоҳат зотини тугатиб тугул

Саодат боғида кулиб мисли гул

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Сизни сифатлашга ожиздир қалам

Сизсиз яшамоқлик бизларга алам

Баногоҳ эсласам титрагай танам

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

Бутун дунёда бўлганидек диёримиз мусулмонлари орасида ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг туғилган ойларини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан рабиъ-ул аввал ойи келгач, доимий анъанага мувофиқ 2016 йилнинг 12 декабрь куни “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида барча мударрис, ходим ва талабалар иштирокида “Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратларини ўрганамиз” номли сийрат мусобақаси ўтказилди.

Ушбу тадбирни билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини в.б. М.Тўрақулов олиб борди. Тадбир аввалида М.Тўрақулов барчага Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг буюкликлари, Аллоҳ ҳали инсониятнй яратмай туриб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нурини яратиши, у зотни ҳабибим деб аташи, тақволари, энг гўзал инсоний фазилатлари, бошқа пайғамбарларга берилмаган мўъжизаларнинг берилиши, охирги замон Пайғамбари қилиб юборилишлари билан изоҳланиши ҳақида кенг маълумотлар берди.

Тадбирда гуруҳларни чиқишларини тартиблаш мақсадида қуръа ташланди ва қуръа натижаси асосида ҳар бир гуруҳ Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сийратлари асосидаги тузилган танлов шартлари бўйича беллашдилар ҳамда У зотнинг юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари, сийратлари мадҳ этувчи, шеърлар, нашидалар, байт ва соғинчли салом хатларини ўқидилар.

Мусобақа натижаларига кўра ғолибликни қўлга киритган гуруҳларга ҳомийлар томонидан ажратилган қиммат баҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида Қуръони карим тиловат қилиниб,  Аллоҳ таолодан юрт элимиз тинчлигини, доимо осмонимиз мусаффо бўлишини  сўраб дуои ҳайрлар қилинди

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Н.Қодиров

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *