Тилингни авайла — омондир бошинг

Нутқ, сўзлашиш ва баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради, уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон ерда яратилган жонзотлар ичида нутқ ато этилган, мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир.

Гоҳида атрофда гунг – сақов кишиларни кўрганда бу неъматнинг қанчалик улкан эканлигини англаймиз. Уларда ҳам тил бор, улар ҳам тилларини қимирлатиб, истаган томонларига ҳаракатлантира оладилар, аммо гапира олмайди. Фарзандининг тили чиқиши кечикаётган ота-онани ғам-қайғу чулғай бошласа, аксинча жигарпорасининг “дада”, “ойи” деган сўзларини илк бора эшитганда ҳурсандчиликдан бошлари кўкка етиб, қалблари қувончга тўлади. Шунинг учун ҳам, азиз юртдошлар, тилимизга нутқ қобилиятини бериб қўйган Яратганга шукр қилиб, шукрни тилимизда фақат яхши ва керакли сўзларни гапириш, зикр-у тасбеҳлар қилиш ва бефойда, ботил ва гуноҳ сўзлардан сақланиш ила адо қилмоғимиз лозим.

Қуръони каримда шундай дейилади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди”.

Муқаддас динимизда кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўрилган. Тил офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, сўкиш, уятсиз, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир. Қуйида мазкур тил офатларидан баъзилари ҳақида атрофлича сўз юритамиз:

Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Ёлғончилик барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан одобимизда ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришдан шариатимизда қайтарилган ва бу нарса улкан гуноҳга тенглаштирилган.

Ёлғонда асли йўқ нарсани тўқиш, бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада қўшимча қўшиш ёки нуқсон етказиш каби ҳолатлар бўлади. Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир. Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир.

Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Аллоҳ таоло Наҳл сураси 105 оятида шундай марҳамат қилади: «Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”. Бошқа бир ояти каримада бундай баён қилинган: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (Ғофир сураси, 28-оят).

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса – ёлғон гапиради, ваъда берса – устидан чиқмайди, омонатга хиёнат қилади”.

Ёлғончиликнинг турлари кўп. Хиёнат – ёлғончиликнинг энг ёмон кўринишидир. Ёлғондан гувоҳлик бериш эса жамиятни бузишга, одамларга зулм, жафо етказишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади. Бир инсоннинг мартаба-амалига, обрў-номига путур етказишга ҳаракат қилиб, бўҳтон уюштириш ва чақимчилик қилиш ҳам ёлғон турларидан бўлиб, энг ёмон иллатлардан саналади. Одамларни кулдириш учун ёлғон тўқиш, кўрмаган тушини кўрдим деб бошқаларга сўзлаш, фарзандга бирор нарса олиб бераман деб алдаш, эшитган ҳар бир гапни суриштирмай тарқатиш, ёлғон қасам билан ўзганинг молини ўзлаштириб олиш ёлғоннинг энг хатарли кўринишларидир.

Мусулмонлар ёлғонни катта гуноҳ деб билишади. Улар ёлғон гапиришлари туфайли охиратда қаттиқ азобга гирифтор бўлишларидан қўрқиб, ёлғонни тарк этишади.

Рост бўлса ҳам аччиқ-тизиқ ва уятсиз гапларни гапириш, сўкиниш ҳам шариатимизда қаттиқ қораланган. Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келган кабидир», дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”, деганлар.

Шунинг учун ҳам мусулмон киши зинҳор ва зинҳор бировни сўкмаслиги, шалоқ сўзларни оғзига олмаслиги  керак. Бундай шармандалик ва ғирт одобсизликнинг яқинига ҳам йўламаслик зарур.

Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Мақтовчи (маддоҳ) бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчидир. Ҳадисда келишича, бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолган Пайҳамбаримиз: «Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз ёки белини синдирдиларингиз», деган эканлар. Маддоҳлик мақталган кишининг ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб кетиб, ахлоқан бузилишига олиб боради. Шу тариқа у одам ҳалокатга учрайди ва одамгарчиликдан чиқади. Шунинг учун маддоҳликдан тийилиш керак.

Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса, умрни бекорга, бефойда ўтказишдир. Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган.

Ўтмишдошларимиз оз сўзлашни, кўп фикрлашни, сўзлаганда ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзлашни одат қилишган, бошқаларни ҳам шунга чорлашган. Молнинг, вақтнинг, неъматнинг исрофи бўлганидай, сўзнинг ҳам исрофи бор. Агар ақл кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди. Буюк аждодларимизнинг тортишувлари кам, амаллари кўп бўларди. Улар сўзга бахил, молга сахий эдилар. Кейингиларда эса тортишув кўп, амал оз бўлди. Сўзда сахий, молда эса бахилга айландилар.

Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг яхши йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир.

Аллоҳ таоло тилимизга эътибор берадиган, уни беҳуда сўзларни сўзлашдан эҳтиёт қиладиган ва доимо чиройли ва маъноли сўзлайдиган, тил ва сўз қоидаларига риоя қиладиган Ўзига маҳбуб бандаларидан қилсин! 

Абдували ҲАҚНАЗАРОВ

Гулистон тумани «Исохон тўра» масжиди имом-хатиби

(Жума мавъизалари асосида тайёрлади)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *