АЛЛОҲНИНГ СИФАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА.(Аллоҳ макондан холидур)

Аллоҳ таолонинг зотини танишда Аллоҳ таолога  макон исбот қилиш масаласи  аҳли суннага зиддир. Ваҳоланки аҳли сунна вал жамоа  ақидасини   мукаммал баён қилинган ақида китоблари матнларида Аллоҳ таолога макон  исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган.

Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни қилишди. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар.

         Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, – дейдилар.   Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, – дейдилар.

Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”, – дейдилар (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).              

         Али розияллоҳу анҳудан шу ҳақида сўралганида : “Аллоҳ таоло Арш ва бутун махлуқотларни яратишдан олдин ҳам мавжуд эди, ҳозир ҳам ўша мавжуд бўлганидекдир” деганлар. 

«Арш тепасида», «Самода» маъносидаги оят ва ҳадислар муташобиҳ бўлиб, уларни ҳақлигига иймон келтирамиз, нимани ирода қилганлигининг илмини Ўзига ҳавола қиламиз. Аллоҳ таолони бирор маконда дейишдан сақланамиз. 

“Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талҳийси” китобида :

وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ، وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ

44. У Зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф ўрай олмас. 

Шарҳ: Шарҳни бошлашдан олдин ижобий ва салбий сифатлар баҳсида машъала бўлиши учун Имом Валиюллоҳ Деҳлавийнинг Аллоҳнинг сифатларига иймон ҳақидаги гапларини зикр қилайлик: «Билки, Ҳақ таоло ақл етадиган ва ҳис қилинадиган нарсага қиёс қилинишдан; ёки жисмларда бўладиган хоссаларга (ҳарорат, ўлчам, ҳажм каби сифатларга) эга бўлишдан; ёки омманинг ақли У Зотни таҳлил қилишидан ёки урфий лафзлар ифода қилишидан устундир

Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда, ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига жавобан: “Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди”, деганлар. Кейин яна айтганлар: “Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди”. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Яна у кишига айтилди: “Аллоҳ қаерда? деган саволга қандай фикрдасиз?”. Унга айтилади: “Аллоҳ таоло халқ яратилишидан олдин ва бирор макон йўқлигида ҳам бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир». Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай. У зотга зоти ва сифатларида ўзгариш жоиз эмас. 

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ: “Ақоидун Насафий” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзган: “У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”. Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди ва орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичига ололмайди. Аллоҳ бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир. (Бадул амолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).

Шунга кўра, фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ёки “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитгувчи зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи васаллам айтадилар:

تفكروا في خلق الله  ولا تفكروا في الله  فتهلكوا

“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳ борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар” (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади.

Сирдарё туман “Ахмад Яссавий”

 жоме масжиди имом хатиби Мирсоатов М.