Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қурьони Каримда
“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик”, деган. ( Бақара сурасида 143-оят)
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эьлон қилмоқда. Биз “ўрта” деб таржима қилган сўз арабчада “васат” деб келган ва у яхши, ўрта, марказ, мўтадил ва адолатли деган маьноларни англатади. Ўртанинг яхши дейилаётганига сабаб шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таьсирларга кўп учрайди ва бузилиши эҳтимоли кўпроқ. Ислом уммати ҳақиқатда ҳам тўла маьнода ўрта-мўтадил умматдир. Ўрта деганда, яхшилик ва афзаллик маьноси ҳам, мўтадил ва адолатли деган маьно ҳам ваниҳоят, ҳиссиётда ўрталик маьноси ҳам тушунаверилади.
Ислом уммати эьтиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баьзи умматларга ўхшаб руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эьтиқод қилмайди. Балки инсон ўз табиатидаги хусусиятга қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўтадил ва энг афзал муносабатда бўлади. Ислом уммати тартиб- интизомда ҳам ўртача бўлади. Инсоннинг маьнавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалолик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга, ҳукмни ҳам ишга солади.
Аллоҳ таоло Қурьони Каримда мўмин-мусулмонлар ҳақида:
“Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўтадил бўлурлар” деган (Фурқон сурасида 67- оят).
Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим. Инсоннинг биргина хатоси бутун умрга татигулик бўлиши мумкин. Шундай катта хатолардан бири- шошқалоқликдир. Афсуски аксарият инсонлар шошқалоқликни хато деб ҳисоблашмайди. Лекин кўп нохушликлар айнан шу сабабдан келиб чиқади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг муборак ҳадисларида келганидек,
“Шошқалоқлик шайтондандир” деб айтганлар.
Инсоннинг биргина шошқалоқлиги туфайли қилган хатосини кичкина бир хато деб қараши мумкин, аммо у кўнгилдаги ўчмас доғ бўлиб қолиши мумкин.
Аллоҳ таоло Аьроф сурасида шундай марҳамат қилади:“Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган…”(54- оят)
Аллоҳ таоло истаса, оламни бир зумда яратар эди. Аммо бандаларга ибрат бўлиши учун уни олти кунда яратган. Ҳозирда ёшларнинг ҳар хил оқимларга кириб кетишига асосий сабаб бўлаётган бало ҳам шу. Қайси инсоннинг мийясида бўшлиқ бўлса ҳар хил оқимларга кириб кетиши осон бўлади, уларни тезда йўлдан оздириб, мийясини заҳарлаш осон бўлади. Ҳозирги кунда авж олаётган қўпорувчилик ҳаракатлари бутун дунё бўйлаб кенг тус олмоқда. Улар интернетдан ўз ғаразли мақсадлари йўлида кенг фойдаланишмоқда. Интернетда кўп қолиб кетадиган ёшлар уларнинг тайёр ўлжаси ҳисобланади. Бургутни мисол қилиб оладиган бўлсак, у тутиб олган ўлжасини то ўлдирмаса қўймайди. Улар ҳам шундан фойдаланиб ўз ўлжасини маҳкам тутиб оладики лекин қўйиб юбормайди. Хуллас, бугунги кунда тинчликни асраш, фитналардан ҳушёр ва огоҳ яшаш давлат ва жамият олдидаги долзарб вазифамиз экани, ушбу йўналишда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш зарур экани ҳақида хулоса қилишимиз зарур. Айни чоғда, фарзандларини турли сохта ақидалар таьсиридан сақлаш ҳар бир ота-онанинг бурчи эканига эьтибор қаратиш лозим.
Аллоҳ таоло Анфол сурасида шундай марҳамат қилади:
“Фитнадан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.” (25- оят).
Фарзандларимизни “ИНТЕРНЕТ” тармоғида ақидапараст кучлар тарқатаётган Покистон, Сурия, Ироқ каби ҳарбий тўқнашувлар ўчоқларига “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод” да иштирок этиш гўё мусулмонларнинг бурчи экани ҳақидаги ёлғонларга, сохта даьволарга алданиб қолишларига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз ва вазифамиздир.
Сирдарё тумани “Бахт”
жоме масжиди имом-хатиби
Муҳаммад Ғоипов