Одамларнинг яхшиси

Дунёдаги барча одамларнинг яхшиси ким? Одамларнинг яхшиси кўп бўлиши мумкин. Аммо яхшиларнинг яхшиси ким. “Умри узун ва амали гўзал бўлган одам”, дея жуда қисқа ва пурмаъно жавоб бердилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Термизий ривояти). Аллоҳ таоло барчамизга умри узун ва амали гўзал бандаларидан бўлишни  насиб этсин!

Маълумки, ислом дини инсонларни бир-бирига доимо яхшилик қилишга буюрган. Одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага эга бўлади. Агар ёшларимиз меҳнатсевар ва  фидойи бўлишни истасалар уларнинг кўмаги ва маслаҳатларидан фойдаланишлари лозим. Аллоҳ таоло кимгадир қисқа, кимгадир узоқ умр ато этган. “Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Фотир сураси, 11-оят). Мевали дарахт бир мавсумнинг ўзида ҳисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, кўпдан-кўп мевалар бериши мумкин. Кексалик эса, худди мевалар етилган мўъжизавий боққа ўхшайди. Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берди. У киши фарзандлар ота-онасининг панд-насиҳатларига итоат қилишлари  фарз дейдилар.  Расулуллоҳ с.а.в. “Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир”, деб айтганлар.

Мамлакатимизда нафақадаги кекса отахон ва онахонларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатилмоқда. Чунки уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди” (Байҳақий ривояти).

Ёши улуғларимизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ёки унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ҳар доим адо этишимиз лозим. “Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муомала қиладилар”, деб Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларини ёдда тутмоғимиз лозимдир. Аллоҳ таоло уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларига ажр берсин! 

“Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Раҳмон сураси, 60-оят).

Инсон дунёга келганда жуда заиф бўлади. Аста-секин катта бўлиб, қувватга тўлади. Йиллар ўтиб кексайган сари яна қуввати кетиб, заиф бўлиб қолади. “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят). Бу дунёда инсонни қилган яхшиликлари-ю, эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари-ю, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бевафо дўст сингари инсонни ташлаб кетади. Минг афсуслар бўлсинки, қариялар ва кекса ота-оналар баъзи бир кишилар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади.  Бирор даврага кирган ёшлар ёки фарзандлар баъзан “уф” тортадилар. “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди.  (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”, деб буюрган. (Исро сураси, 23-оят). Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажоним, онажонимдеб, мурожаат  қилиш, уларга озор берадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш шартдир. Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир. (Луқмон сураси, 14-оят).

Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Айниқса, кексалар эътиборга, меҳр-мурувватга  муҳтож бўладилар. Киши етмишга етса, янада табарруклашади. Бундай инсонларга қулоқ тутмоқ ва панду насиҳатларини олмоқ лозим. Ўғил-қизларни ўстириб уларнинг камолини деб югурганлар ҳам шулар. Кексаликнинг муаян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ  оғриши, кучдан қолиш, қадамнинг майдалашуви, йўллар эса олис бўлиб қолиши экан. Ҳаётда, атрофимизда яхши кишилар борлигидан, улар билан ёнма-ён яшаётганимиздан қувонишимиз керак. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди. Қарияларимизга ғамҳўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Аллоҳ таоло “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…” (Анкабут сураси, 8-оят). Ҳадиси шарифда айтилади: “Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир” (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни Ўзининг ҳифзу ҳимоятида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф ва тавфиқ бериб, ота-оналари ва кексаларни эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан бўлишларни айласин!

Аминжон Исмоилов,

Сирдарё тумани бош имоми ва

 “Янги-ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 (Жума мавъизалари асосида тайёрланди)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.