Қалбим таскин топсин десангиз

Истиғфор банданинг Яратганга илтижо қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Ҳар биримиз ҳар куни, ҳар соатда турли катта-кичик гуноҳларга, хатоларга йўл қўйишимиз мумкин. Баъзан билиб-билмай шариатимиз кўрсатмаларидан чекинамиз, илоҳий амрларни адо этишда эринчоқлик қиламиз. Ана шундай ҳолатларда биз мўминлар дарров истиғфор айтишга шошилимиз керак. Парвардигордан қилган хато ва гуноҳларимизга мағфират сўрашимиз лозим. Чунки раҳмати ва меҳрибончилиги беқиёс бўлган Аллоҳ азза ва жалла бандасининг гуноҳларини денгиз кўпигича кўп бўлса ҳам кечиришга ваъда қилган. Гуноҳни мағфират этишини, кечиришини, ўчиришини сўраб Аллоҳга ёлбориш истиғфордир. Аллоҳ таоло “Нуҳ” сурасида шундай марҳамат қилади:

 «Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур«.

Ривоят қилинишича, Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳнинг олдиларига бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Унга “Истиғфор айт!” дедилар. Бошқа бир киши келиб фақирлигидан арз қилди, унга ҳам “Истиғфор айт!” дедилар. Яна бир одам келиб, фарзанди йўқлигини изҳор этиб, маслаҳат сўради. Унга ҳам «истиғфор» айтишни буюрдилар. Одамлар бунинг сабабини сўрашганида, Нуҳ сурасининг юқоридаги икки оятини ўқиб, истиғфор барча ҳожатларнинг эшигини очишини айтдилар.

Аллоҳ таоло бандаларининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечириши мумкинлиги, истиғфор айтганларнинг мукофотлари эса абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!

Мусъаб ибн Саъднинг айтишича, “Мусулмонлар уч рутбададир, икки рутба ўтиб кетган, фақат охирги бир рутба қолган, ана шу рутбада бўлишингиз сиз эриша оладиган энг катта ютуқдир”. Демак, бу рутбага мушарраф бўлиш учун биздан олдин имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечиришни Парвардигоримиздан сўраш, улар учун кўп-кўп истиғфор айтиш зарур бўлар экан. Шунинг учун ҳар куни намозларимизда бир неча бор “Аллоҳуммағфирли…” дуосини ўқиймиз, ўтиб кетган ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, устозларимиз, барча мўминларнинг гуноҳларини кечиришни Аллоҳдан сўраймиз, уларга Парвардигорнинг мағфиратини тилаймиз.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) нинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса-да, истиғфор айтишни сира канда қилмаганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир мажлисда юз марта “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт! Ҳақиқатда Сен тавбаларни қабул қилувчи раҳмли Зотсан!” деганларини санадик” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида бундай деганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади. Ҳар турли ғамдан енгиллик, ҳеч ўйламаган томонидан ризқ беради” (Абу Довуд ривояти). Истиғфор айтиб, Аллоҳ азза ва жалладан кечирим сўраган одам камчиликларини тан олиб, Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор эканини эътироф этган бўлади. Бу иши эса унинг Парвардигор ҳузурида хокисорлигини, инсонлар олдида камтарлигини оширади.

Истиғфор айтган банда Парвардигорига янада яқин бўлади ва Унинг лутфу иноятига сазовор бўлади. Самимий, чин дилдан айтилган истиғфор билан безовта қалблар таскин топади. Кўп истиғфор айтиш ахлоқ ва ақлнинг юксалишига, истиғфор айтган кишининг ўзи, оиласи ва яқинларининг турли бало-фитналардан омонда бўлишига сабаб бўлади, шу туфайли мол-мулкига барака киради, яшаб турган жойида турли офатлардан сақланишига боис бўлади. Унга Аллоҳ таолонинг улуғ раҳмати нозил бўлади.

Хуршид АСЛАНБОЕВ

Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи” жоме масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.