Кексаси бор уйни файзи бор.

“Қариси бор уйни париси бор” дейдилар. Бу ерда “пари” деганда фаришта назарда тутилаяпти. Қариси бор уйда файз, барака, хотиржамлик бўлар экан. Ёши кекса кишилари бор хонодонни, юртни Аллоҳ хар-хил ёмонлик, офатлардан сақлаб турар экан. Дарҳақиқат қарияларни ҳурмат қилиш, дуоларини олиш миллий қадриятларимизнинг бир бўлагидир. Кекса ёшли кишиларнинг борлиги бизларнинг бахтимиз. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ таоло бизларни турли бало офатлардан асрайди.
Бу ҳақда Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: ”Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди”. Қарияларимизнинг доимий насиҳатлари туфайли ёшларимиз ақлли, баркамол бўлиб вояга етади. Ривоятда айтилишича, бир юрт ҳукмдори мамлакатида фақат навқирон фуқаролар бўлишини истаб, кексаларни овлоққа элтиб ташлашга амр қилибди. Бир йигит отасини кўзи қиймай, сандиққа яшириб юрар экан. Иттифоқо ҳукмдор бир чигал муоммога дуч келибди. Жумбоқнинг ечимини ҳеч ким ҳал қилолмабди .Масалага ўша — отасини сандиққа яшириб юрган йигит ечим топиб берган. Турган гапки, ҳукмдор миннаддорчилигининг изҳори сифатида ундан тилагини сўрабди. Йигит таваккал қилиб подшоликнинг фармонига хилоф равишда отасини яшириб юрганини, муоммога ўша қария ечим топиб берганини айтибди. Кексаларнинг ўрни бу ҳаётда бўлак эканини айтиб, уларга омонлик сўрабди. Шу воқеа сабаб ҳукмдор кексаларни овлоққа олиб бориб ташлаш тўғрисидаги фармонини бекор қилган экан. “Қари билганни пари билмас” деб шунга айтсалар керак-да. Албатта, биз учун дуолари ижобат бўладиган ёши ўлуғ инсонлар деганда биринчи навбатда ота-оналаримиз ҳаёлимиздан кечади. Кексаларни эъзозлаш, биринчи навбатда –Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Зеро, ўз ота-онасини қадрламаган кимса бошқаларга ҳурмат кўрсатмайди. Аллоҳ таоло ўзига ибодатларини адо этгандан кейин ота-оналарига яхшилик қилишга буюради. Бу икки ҳукм Аллоҳга ибодат ота-онага яхшилик қилиш ёнма-ён зикр этилиши ҳам ислом динида ота-она ҳақи нақадар улуғ ва муҳим эканидан далолат беради.
Пайғамбаримиз Мухаммад с.а.в.шундай марҳамад қиладилар. “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин дедилар. Шунда саҳобалар ё Росулуллоҳ кимни бунчалар дуоибад қиляпсиз дедилар. Шунда Росулуллоҳ ҳузурида қари ота-онаси ёки уларнинг бирлари бўла туриб уларнинг хизматларини қилиб дуоларини олиб ўзига жаннатни вожиб қилмаган бўлса.” дедилар. Инсон баъзи хато, ва гуноҳлари учун фақат охиратда азобланса, лекин ота-онани норизо қилган инсон икки дунёда ҳам азобланар экан. Бир инсон тинмай елиб югуриб ҳаётда эришмаган яхшиликларга ота-онасининг ёки бошқа бир ёши улуғ нуроний кишининг дуоси билан эришиши мумкин экан. Афсуски, баъзи бир оилалар борки, ёши улуғ ота-оналари бўлиб, уларни ёлғиз ташлаб  қўйишаяпти. Ота-онаси тириклигида ҳолидан хабар олмаган фарзандлар, улар оламдан ўтганларидан кейин катта харажатлар қилишиб эхсонлар ўтказишаяпти. Буни нима дейиш мумкин эхсонми ёки қўни қўшнидан уялмаслик учун қилинган риёми. Балки, тириклигида қадрига етмаганлигини англаб пушаймон бўлиб энди савоби тегсин деб ўйлагандир. Агар борларида қадрига етиб хизматларини қилиб дуоларини олганларида эди, мақсадга муофиқ бўлар эди. Кексаларимиз дуолари ватанимиз равнақи, ҳаётимиз фаровонлигидир. Кексаларимизни қадрлаб, уларнинг  хизматларида бўлиб, дуоларини олиш биз ёшларнинг бурч ва вазифамиздир.

Абдурауф  ЁРБЕКОВ
Ховос тумани “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *