Умр бебаҳо неъмат

Умр инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг катта неъматдир. Бу неъматни қачон, қай ҳолатда қайтариб олишни ёлғизгина Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Фақат Аллоҳнинг Ўзигина истаган бандасининг жонини қабз қилади. Биз бандалар Аллоҳнинг ушбу неъматига ношукрлик қилиб, ўз жонимизга қасд қилишдан қайтарилганмиз. Бу ҳусусда Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир”. ( Нисо сураси 29-оят ).
Инсон Аллоҳ томонидан яратилган маҳлуқотлар ичида онглиси. Унда ақл-идрок бор. Унда ихтиёр бор. Инсоннинг ихтиёри ўзида бўлгани билан у хоҳлаган ишини қила олади дегани эмас. Уни Аллоҳ яратган, унинг жони ҳам ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Банда ўзи истаган вақтда ўз жонига қасд қилиб энг катта гуноҳи кабиралардан бирини содир этиши ўта аянчли ҳолатдир.
Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ экани, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга  ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисда ўз жонига қасд қилишнинг жазоси муқаррар жаҳаннам экани таъкидланмоқда. Банда Аллоҳнинг жон аталмиш неъматига ношукрлик қилиб унга қасд қиларкан Аллоҳ таоло уни жаҳаннамда абадий азоблаши айтилмоқда. Ўзини ўлдиришни қандай йўл билан амалга оширишининг аҳамияти йўқ. Якуни энг катта гуноҳи кабира. Таассуфки жамиятимизда аёллар, ёшлар ичида арзимаган сабаблар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган инсонларга яқинлари ўз вақтида эътибор бермаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилинмаслигидир. Шунинг учун, барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик. Хусусан, руҳий тушкунликка тушган, руҳий хасталикка дучор бўлганларни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасликка  ҳаракат қилишимиз керак. Акс ҳолда,  вақтдан унумли фойдаланишга  ҳаракат қиладиган шайтон ўз мақсадига эришади, Аллоҳ сақласин.
Аллоҳ таолодан бизларни ҳидоятга йўллашини, нафсларимиз ёвузлигидан ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Унинг биз бандалар учун ҳаёти дунёда амал қилишимиз лозим бўлган шариатига мувофиқ умр кечиришимизни ва албатта унинг марҳамати, мағфирати ва раҳматидан бенасиб қўймаслигини ёлғизгина Ўзидан сўраб қоламиз!

Яҳё АБДУЖАББОРОВ
 Ховос тумани “Саъду Саид”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *