Ислом террорни лаънатлайди

Инсоният тарихи жараёнида террорчилар томонидан ўйлаб чиқарилган, на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос «ғоялар» йўлида олиб борилган, юз минглаб мутлақо бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлган жуда кўп фожеали ҳодисаларни бошидан кечирди. Турли тоифадаги «инқилобчилар», коммунистик ва фашистик гуруҳлар, «ислом» ниқоби остида фаолият юритиб, аслида террорчилик, ноҳақ қон тўкиш билан шуғулланаётган кўплаб ташкилотларнинг зиммасида жаҳонда у ёки бу диннинг мутлақ ҳокимиятини ўрнатиш, у ёки бу ғоя асосида дунёни қайта тузиш йўлида берилган миллионлаб қурбонларнинг масъулияти ва гуноҳи ётибди.
Лекин, шуни алоҳида таъкидламоқ керакки, у ёки бу қотиллик ва ваҳшийликни амалга оширган террорчиларнинг насроний, мусулмон ёхуд яҳудий бўлишлари жамият аъзоларига ўша дин тўғрисида ножоиз фикр ва хулосалар чиқариш ҳуқуқини бермайди. Ҳатто бу ҳайвонсифат кимсаларнинг қайси динда экани тўғрисидаги саволнома бандида «мусулмон» деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам, улар қилган жиноятга «ислом террорчилиги» деб ёрлиқ ёпиштирилиши тўғри эмас. Худди шунингдек, террорчи ўзини «христиан» деб атаса, «христиан терроризми» ёки террорчи кимса ўзини «яҳудий» деб эълон қилса, «яҳудий терроризми» дейиш ҳам мумкин эмас.
Зотан бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъий назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди. Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.
Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг мақсади илоҳий динни ҳақоратлаш, одамларни ундан четлаштириш ва уларнинг қалбида иймонли одамларга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғотиш, холос. Моҳиятига кўра, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки «дин йўлида» амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик ва зулм илоҳий дин устидан зулм ҳисобланади.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймондан эмас, даҳрийлик ҳамда бидъатдан ахтариш керак. Террорчиларнинг маълум исмлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Агар инсон совуққонлик билан бегуноҳ кишиларни ўлдира олибдими, демак, у иймонли эмас, у худосиз. Бу кимсалар Аллоҳ таолонинг жазо-азобларидан қўрқмайдиган бўлиб қолган, уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш. Шундай экан, бугунги кунда халқаро матбуотда тез-тез учраб турган «ислом терроризми» ҳақидаги даъволар, «яҳудий терроризми» ёки «христиан терроризми» тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Зеро, Исломда ҳам, бошқа икки самовий динда ҳам террорга ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) Исломда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.

 

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти
бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *