Динимизни софлигича сақлайлик

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, турли оқимлар ўртасида бўлаётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ инсоларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлаётгани барчамизга маълум. Бундай ташвишли, таҳликали тўқнашувларнинг асосий сабабчилари муқаддас ислом динимизни ўзларига ниқоб қилиб олиш орқали ўзлари истаган салбий оқибатларни келтириб чиқармоқдалар. Бундай жиноятчилар ўз жирканч ғояларини амалга ошириш йўлида ояту-ҳадисларни истаганларича талқин қилишмоқда. Оқибатда бу қалтис иш жоҳил кимсаларнинг залолатга ботишига ва бегуноҳ инсонларнинг зўровонлик қурбонлари бўлишига олиб келмоқда.
Қуръон оятлари ва ҳадисларни хатарли, ғаразли мақсадларда бузиб талқин қилиш Исломга бутунлай зид. Қуръон оятлари ва ҳадислар оддий сўзлар эмас, балки оятлар Аллоҳнинг каломи, ҳадислар илоҳий асосга эгадир. Ҳар қандай киши булардан ўзича ҳукм чиқарса, муқаддас Каломнинг ҳурматини оёқости қилган бўлади ва Пайғамбар (алайҳиссалом) нинг: “Ким Қуръонни ўзича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, деган таҳдидлари ҳукмига дохил бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) залолатга кетишнинг олдини олиб: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат — залолатдир” — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки экстремизм ва терроризмнинг зарарли оқибатлари ҳақида ёшларимиз билан бўлаётган давра суҳбатлари муҳим аҳамиятга эга. Мана шу суҳбатлар орқали ёшларимиз ёт ғояларнинг асл мақсади, мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириб борадилар. Ва келгусида бундай зарарлардан огоҳ бўладилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай бало-офатлардан Ўзи сақласин.

 

Оҳунжон ВАСИЕВ
Сайхунобод тумани “Иттифоқ”
жоме
 масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *