Қалбим пок бўлсин десангиз…

Ислом дини поклик устига қурилган. Ҳамма ибодатлар токи покланмасангиз қабул қилинмайди. Покланиш икки хил бўлади: бири зоҳирий, иккинчиси эса ботиний – қалбий покланиш. Энг диққатлиси ҳам мана шунисидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга марҳамат қилиб дейдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло сувратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди ва лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”.
Роббимизнинг ҳузурида энг эътиборли нарса бу бизнинг қалбимизнинг салоҳияти экан. Имом Ғаззолий: “Ким Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳузурига соғлом қалб билан борар экан, нажот топади. Қалб Аллоҳ таолодан бандасига берилган омонатдир” – дейдилар.

Ҳозирда кўпчилик “мени қалбим тоза” дейдида, ўғирлик, порахўрлик, судхўрлик, фоҳишалик қўйингки, Аллоҳ ҳаром қилган барча ишларни хеч иккиланишсиз қилаверадилар. Гуноҳ ишларни қилган одам қандай “менинг қалбим тоза” дея олади. Бу фақатгина ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қуръондаги «Каллаа! Бал, рона ала қулибиҳим», деганидир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло “Мутоффифун” сурасининг 14-оятида шундай марҳамат қилади: “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир”.
Омонат қилиб берилган қалбнинг софлиги — бу гуноҳ қилмасликдир, агарда ғафлат сабаб гуноҳ иш содир этилса кечиктирмасдан тавба ва истиғфор билан уни кетказиш лозим. Акс ҳолда қиёматда омонатга хиёнат қилганимиз учун маломатда қоламиз.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *