Аёл қадри

Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Бу оддий ҳаётий ҳақиқатдир. Аҳли илмнинг ёки мансабдор шахсларнинг обрў ва мартабага эришишларининг замирида ҳам мана шу ҳақиқат ётади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир.
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасининг 71-оятида шундай марҳамат қилади: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳим қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир”. Ушбу оятда мўминлар ва мўминаларнинг бир-бирларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтара оладиган тенг инсонлар экани таъкидланмоқда. Ислом шариати жаннатни оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади.Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида аёлнинг мартабасини кўтарди, шаънини улуғлади. Жумладан, уларни инсон сифатида эътироф этган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан алоҳида байъат қилдилар. Улар ҳақида алоҳида сура ва оятлар нозил бўлди.
Шунингдек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Ичингизда ўз аҳли аёлига энг яхшингиз менман”, – дедилар.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислар асосида аёлнинг барча инсоний ҳуқуқлар борасида эркаклар билан тенг эканини билиш мумкин. Бироқ оилада аёл кишининг эркак кишига нисбатан бир поғона паст бўлиши лозимлигини таъкидланган. Бу халқимизнинг кўп асрлик тажрибасидир. Қолаверса, ислом шариатининг мақсадларидан келиб чиққан десак, хато бўлмайди. Инсоф нуқтаи назаридан қаралганида ҳам аёл киши наслни давом этишидаги омиллар ичида асосий унсурдир. Унинг асосий вазифаси ўзидан кейин жисмоний ва руҳий салоҳиятга эга бўлган соғлом ва етук келажак давомчиларини дунёга келтиришдир. Бу вазифани адо этиши учун аёл фаҳм-фаросатли, мулойим, эс-ҳуши жойида ҳамда соғлом бўлиши керак. Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, эрдан бир поғона паст туриш, дегани эр учун қул бўлиш дегани эмас. Балки, оила таъминоти эрнинг зиммасида бўлгач, уни тежаш ва режалаштириш ҳам эр томонидан белгилаб берилиши лозим. Акс ҳолда, топиш билан сарфлаш ўртасидаги мувофиқлик бузилади. Худди шунингдек, оиланинг ор-номуси ва қадр-қимматини сақлаш ҳам эрнинг вазифаси.
Шунинг учун оила шаъни борасида муҳим ҳисобланган қиз бериш, қиз олиш, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан алоқа ўрнатиш каби масалаларни ҳам эр белгилаб бериши мақсадга мувофиқдир. Бу шарқона, миллатимизга хос, фахрланса арзийдиган фазилатдир. Аёл киши оилада ҳам, бутун жамиятда ҳам ўз ўрнини топиши учун унга берилган имкониятлардан тўла фойдаланиши лозим. Зеро, Ислом шариатининг қоидаларига кўра, ҳар бир аёл-қиз худди эркаклар каби илм олишга, саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида, қўлидаги мол-мулкини кўпайтириш йўлида ҳаракат қилишга, шунингдек, обрў ва мартабасини ҳимоя қилишга ва бошқа инсоний ҳуқуқларга эга. Бу имкониятлар эса уларни камолотга эришишларида асосий омил вазифасини ўтайди.

Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани Хизробод
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *