Муфтий ҳазратларининг Сирдарё вилоятига сафарлари бошланди

Куни кеча, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Сирдарё вилояти бўйлаб сафарлари бошланди. Дастлаб, жоме масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар билан мулоқот ўтказдилар. Ушбу учрашувда вилоятдаги 90 нафардан зиёд имом-хатиб ва имом ноиблар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари томонларидан имом-хатиблар бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши, Ислом дини таълимотларини кенг тараннум этиши, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла таъминлаши, юртимизда ва жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиши ҳамда доимо ҳушёр бўлиб яшаши тўғрисида сўзладилар.


Сўзга чиққан нотиқлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.


Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.


Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан имом-домлаларга Қуръони карим китоблари туҳфа этилди.

ЎМИнинг Сирдарё вилояти
вакиллиги матбуот хизмати

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *