Қарзни ўз вақтида узмаслик – гуноҳ.

Ҳар бир давлат ўз фуқароларнинг яхши еб-ичиб ҳаёт кечиришлари учун барча шароитларини яхшилаш ва хафсизликларини таъминлаш йўлида ҳаракат қилади ва қайғуради. Дунёда иқтисодий инқироз бўлиб турган даврда бундай савобли ишларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди. Албатта, бунга куч-ғайрат ва шижоат талаб этилади. Шу юртнинг фарзандиман деб билган ҳар бир инсон бу шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим бўлади.

Афсуски, баъзи инсонлар буни тўғри тушунмасликлари туфайли, қанча меҳнатлар эвазига Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматлардан фойдаланиш пайтида исрофгарчиликка йўл қўймоқдалар.

Исрофгарчиликни ҳар жабҳада — еб-ичишда, тўй ва диний маросимларда, газ, элекр қуввати, ичимлик сувидан фойдаланишда кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “…Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас”, деган.(Аъроф сураси, 31-ояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларнинг бирида “Ҳар қандай исроф ҳаромдир” (Имом Суютий, ал-жоме ал-кабир), деб исроф қилишдан қайтарганлар.

Демак банда қиёмат кунида барча қилган амалларига жавоб берганидек, ҳар бир қилинган исрофи учун ҳам жавоб беради. Исрофгарларга Аллоҳ таоло хитоб қилиб: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро сураси, 26-27-ояти), деб қиёматда ким билан бирга бўлишга ишора қилинмоқда. Шунинг учун, халқимиз: “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган нақлга амал қилган ҳолда, Аллоҳ таоло бизга ва халқимизга берган неъматларидан маҳрум бўлмасдан олдин, барча исрофгарчиликларга чек қўйишимиз лозим бўлади.

Халқимиз ичида учрайдиган яна бир иллат бор, бу — газ, электр қуввати, ичимлик сувларидан истеъмол қилиб, тўловларни тўлаш пайтида ҳар хил эгри йўллар билан ўғирлаш ва ҳақини тўламасликка ҳаракат қилишдир. Ўғирлик нимани ўғирлашдан қатъий назар ўғирликдир, у одамларнинг мулкими ёки давлатнинг мулкими бари бир ўғирликдир ва бу улкан гуноҳдир.

Муқаддас Ислом динида ўғирлик ширкдан кейин иккинчи ўриндаги улкан гуноҳ ҳисобланади ва бу пасткашликка етакловчи иллатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтирмайман, ўғирлик ва зино қилмайман, деб менга байъат (қасамёд) қилинглар”, деганлар.(Нурул-яқин). Ҳамда у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўғирлик нафақат улкан гуноҳ балки, инсон ўғирлик пайти имондан ажраб, диндан чиқиши ривоят қилинган. Ҳадисларининг бирида: “Ўғрилик қилаётганда имондан ажрайди”, дейилган. (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, истеъмол қилган нарсаларнинг ҳақини тўламаслик ҳам ўғирлик ҳисобланиб, зулм ва омонатга хиёнатдир. Фуқаро ким бўлишдан қатъи назар одамлардан ёки банклардан қарз (кредит) олиб, тўрли баҳоналар билан ўз вақтида тўламаса булар ҳам қарздор киши ҳисобланадилар.

Коммунал тўловларни тўламаган кишилар ёки одамлардан ва банклардан қарз (кредит) олиб вақтида қайтармаган кишилар улкан гуноҳ қилганлардан ташқари мамлакат иқтисодиётига ва уни ишлаб чиқарувчиларга моддий зарар етказган бўладилар, бу эса зулмдир.

Зулм қилувчиларга Аллоҳ таоло шундай хитоб қилган: “Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас”.(Софф сураси, 7-ояти).

Омонатга хиёнат қилиш хусусда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Эй имон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил (ноҳақ) йўл билан  еманг…”, деб амр қилган.

Арзимаган нарсаларнинг орқасида қанча гуноҳлар бор экан. Демак, ҳар бир қарздор ўз қарзини вақтида тўласин, шунда вақти келганда охират ҳисоб-китобидан омон қолади.

Кўп маротаба гувоҳ бўлганингиздек, имом жанозани ўқишдан олдин майит эгасидан унинг қарзлари бор ёки йўқлигини сўрайди, унинг қилган ибодатларини сўрамайди. Чунки Имом Суютий “Ал-жоме ал-кабир” китобида ушбу ҳадисни келтирган: “Майитнинг қарзи узилмагунча қабрда кишанланган ҳолатда ётади”,

Қарзларни ўз вақтида адо этишлик ҳамма учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имоми-хатиби

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *