ЛАЪНАТ АЙТИШ ЖОИЗМИ

Аслида, муайян шахсни, айниқса, мўъмин-мусулмонни лаънатлаб бўлмайди. Бу усулмонлар ижмоси ила ҳаром ва тақиқланган ишдир. Шунингдек, жами ҳайвонот ва набототларни ҳам асло лаънатлаб бўлмайди. Чунки, лаънат – Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлаштириш, бировни Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини истамоқ бўлиб, кофир ёки фосиқ кимсани ҳам биз Аллоҳ таолонинг раҳмати ва марҳаматидан узоқ бўлишини истамаймиз. Барча инсонларга Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзи раҳм қилсин, улар ҳам имон ва тақво неъмати ила шарафлансинлар!

Айрим уламолар муайян бир шахснинг ширк-куфри, жабр-зулми, фаҳш ишлари, фисқу фасоди, ўғирлик ва рибохўрлиги сабабли лаънат айтса, жоиз бўлса керак, деган бўлсалар ҳам, лекин Исломнинг ҳужжати бўлмиш Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ уларга ҳам асло лаънат айтиб бўлмайди, деб қатъий фикр билдирганлар. Муайян бир шахсга ёмон дуои бад қилиш ҳам уни лаънатлаш сингари бўлиб, комил мўъмин инсон иложи борича бировга дуои бад қилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деб марҳамат қилганлар:

“Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънат айтувчи ҳам, бузуқ-ифлос ишларни қилувчи ҳам эмас!” (Аҳмад, 1/3839).

“Лаънат  қилувчилар қиёмат кунида шафоат қилинадиган ҳам, гувоҳ бўладиган ҳам бўлмайдилар!” (Муслим, 4/2598; Абу Довуд, 2/4907; Ҳоким, 1/149).

“Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, ғазаби билан ҳам, дўзахи билан ҳам бир-бирингизни лаънатламанглар!” (Термизий, 4/1976; Абу Довуд, 4/4908; Аҳмад, 5/20187; Ҳоким, 1/150; Табароний, 7/6859; Баззор, 2/4560; Абдурраззоқ, 10/19531).

Юқоридаги ҳадиси шарифларга биноан мўъмин-мусулмонлар бир-бирларини лаънатламасдан, унинг ўрнига доим бир-бирларига дуои хайрлар қилиб келадилар. Чунки, лаънат ҳам бировни худди куфрда айблагандек (такфир) ёмон оқибатга олиб келади. Бу борадаги ҳадиси шарифни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қуйидаги хабарни берилган:

“Албатта банда бирор инсонни лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Унга осмон эшиклари ёпилган бўлади. Сўнг лаънат ерга туша бошлайди, ер эшиклари ҳам унга бекилган бўлади. Шунда лаънат ўнгга-чапга юра бошлайди, ҳеч қандай илож қила олмагани боис лаънат қилинган нарса (кимса)га, агар у лойиқ бўлса, боради. Агар у лойиқ бўлмаса, лаънатни айтувчига қайтиб келади” (Абу Довуд, 4/4907; Баззор, 2/4084).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ иш қилувчиларга умумий қилиб лаънат айтганлар. Ул зоти шариф агар айрим ўринлардагина муайян шахсларга лаънат айтган бўлсалар, ўша шахснинг аниқ куфрда эканлигини, оқибати аниқ дўзахий эканини билганлари боисидандир. Бу ул зоти шарифнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, бошқа кимсалар бировнинг аниқ куфрда эканини ёки аниқ дўзахийлигини билмагани боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари, юқорида ўтганидек, умматларини бировларга лаънат айтишдан қайтарганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ иш қилувчиларга умумий қилиб лаънат айтганларининг сабаби ул зоти шариф умматларига ушбу гуноҳ ишларнинг ёмонлигини, оқибати бехайр бўлишини билдириш мақсадида эди.

Ислом уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънат айтган кимсаларнинг қилмишларининг бир-иккитасидан ташқари қарийб барчаси гуноҳи кабира, деб баҳоланади, деганлар.

Сардоба тумани
“Пахтаобод”жоме
Масжиди имом-хатиби
Хожиев Абдумуталлиб

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *