ЁШЛАРНИ ГИЁҲВАНЛИК БАЛОСИДАН АСРАЙЛИК

    Ислом дини кўрсатмалари инсонни доимо барча ёмонликлардан сақланиб, илоҳий амрларни адо қилиш, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амаллар қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга манфаат келтиришга ва фақат покиза нарсалар истеъмол қилишга чорлайди.
          Лекин, минг афсуслар бўлсинки бугунги кунда айрим инсонлар ўз нафслари домига тушиб, ўткинчи ҳою ­­– ҳавасларни деб гиёҳвандлик йўлига кириб кетмоқдалар. Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган машъум иллатлардан бўлиб, “аср вабоси” деб ном олган.
          Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволидир. Аллоҳ таоло бандларини огоҳ қилиб “… ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” дейди. Имом Олусий “ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади” деганлар.
     Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
     Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
      Муборак ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
      Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳванд­лик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан ҳар биримиз четда турмаслигимиз, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бори­шимиз, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа мунтазам тарғиб қилишимиз зарур.

Сирдарё вилояти вакил ўринбосари Абдурауф ЁРБЕКОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *