Фарзанд тарбиясида Ота-онанинг ўрни

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Инсон вафот этгандан сўнг унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса- садқаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради.» (Муслим ривояти). Аллоҳ таоло инсонга фарзандни неъмат қилиб берган. Бу неъматнинг муносиб фарзанд бўлиб етишишида ота — онанинг хизмати беқиёсдир. Шундай экан фарзанд тарбиясида отанинг ҳам, онанинг ҳам ўзига яраша вазифалари мавжуддир.

 Отанинг вазифалари қуйдагилардан иборатдир: Аввало эр ўзига солиҳ умр йўлдоши танламоғи лозим. Чунки бу аёл келажакда фарзандларининг онаси, уларнинг тарбиячиси бўлади.-фарзандига чиройли исломий исм қўймоғи лозим.Ота фарзандларига, ўзининг отасига яхшилик қилиши билан ўрнак бўлмоғи, уларни жонидан ҳам ортиқ кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасинининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб ўсади ва вояга етади.
Ота фарзандининг тарбиясини яхшиламоғи, унга Қуръон ва ҳадис таълимотларини, дунёвий илмларни ўргатиши, яхши ахлоқли бўлишга ундаши лозим. Ёмон дўст ва ёмон болалар таъсиридан фарзандини асраши керак. Чунки, бузуқ ахлоқли болалар билан дўстлашиб қолса, фарзандининг ҳам тарбияси бузилиши тайин. Энг аввало, ота фарзанду зурриёдларини солиҳ бўлишларини Аллоҳдан доимо дуо қилиб сўраши лозим. Онанинг вазифалари қуйдагилардан иборатдир: гўдакнинг ҳақларидан бири ва онаниннг энг мўтабар вазифаси фарзандини икки йил эмизишдир. Туғилган гўдак жисми ва руҳининг соғлом бўлиб ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Бунга Қуръони каримнинг ушбу ояти мазмуни далолат қилади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолга етказишни истаганлар учундир.» (Бақара, 233-оят). Бу Қуръоний ҳақиқат орадан 1400 йил ўтгандан кейин фан томонидан тўла исботланди. Ҳозирги пайтдаги илмий текширишлар гўдак учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни икки йил эмизиш эканини кўрсатмоқда. Бошқа бир оят мазмуни ҳам ушбу маънони қувватлайди: «Биз инсонга ота- онасини рози этишни амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юради. Уни (кўкракдан) ажратиш муддати икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдик): Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик менинг ҳузуримгадир!» (Луқмон, 14-оят). Ушбу оятда ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён қилиниб, уларни ҳурмат қилишнинг асосий сабаби ҳам айтиб ўтилган. Бола икки ёшга тўлгунча бирор бегона аёлни эмса, сут орқали унга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун уни эмизган аёл унга эмикдош она, унинг эри ота, болалари ака — ука, опа — сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.
Яна оят ва ҳадисларда шу нарсага катта эътибор бериладики, агар она эмизикли пайтида ҳомиладор бўлса, унинг сути бузилади, бу эса болага ёмон таъсир қилиши айтилган. Бунда бола катта бўлгач, ожиз ва бесўнақай бўлади дейилган. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги энг муҳим одатлардан бири бу оила қуриш – никоҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Рум сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”.
Уйланиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёматга қадар боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир. Зеро, кўпайиш ва туғилиш у билан бўлади, у орқали оилалар шаклланади, уруғ ва қабилалар яқинлашади. Никоҳ шарафли ва муборак битимдир. Аллоҳ таоло уни бандаларининг фойда ва манфаатлари учун, эзгу мақсадларга ва шарафли ғояларга эришишлари учун жорий қилгандир. Никохдан кўзланган муҳим мақсад соғлом зурриёд қолдириш ва ҳаромдан сақланишдир. Уйланишни истаган шахснинг бир мақсади Аллоҳ таолога ибодат қиладиган, ортидан ҳаққига дуо қиладиган, инсонлар ўртасида номини сақлайдиган солиҳ фарзанд кўриш бўлмоғи лозим.
Шубҳа йўқки, уйланишдан энг асосий мақсад майл ва шаҳватни қондиришгина бўлмай, зино ва бошқа бузуқликлардан ҳам сақланишдир. Шаҳватни тўғри қондириш ҳаромдан сақланишнинг боисидир. Лекин у қасд ва ният билангина бўлади. Бу иккисини бир биридан ажратиш мумкин эмас, зеро инсон бутун фикрини шаҳватни қондиришга қаратиб такрор-такрор жимо қилишга берилса, мақсади ўзини зинодан сақлаш бўлмаса, ҳайвонлардан қандай фарқи қолади. Шундай экан ўзаро жинсий ором олишда эр учун ҳам, аёл учун ҳам олийжаноб мақсад бўлиши керак, бу мақсад
ҳаромдан сакланиш учун шаҳватни ҳалол йўл билан қондиришдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган нарса айнан шудир. Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга шундай дедилар: «Эй ёшлар жамоаси, сизлардан қайси бирингиз жинсий ҳаётга яраса уйлансин, уйланиш кўзни тўсади, жинсий аъзони сақлайди. Ким уйланишга қодир бўлмаса рўза тутсин». Бу ҳадиси шарифдан кўринадики, уйланиш икки нарсага — кўзни Аллоҳ ҳаром қилган аёлларга қарашдан тўсишга ҳамда зино ва бошқа бузуқликлардан жинсий аъзони сақлашга ярар экан . Шундагина туғиладиган фарзанд соғлом бўлиб дунёга келади. Бу эса соғлом турмуш тарзининг пойдевори ҳисобланади.

Ғоибов МУҲАММАД
Сайхунобод тумани  “Мулла Негмурод”
жоме масжид имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.