ЭКСТРЕМИЗМ НИМА ВА УНИНГ ХАВФЛАРИ!

Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилишиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар.

Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.

«Жиҳодчилар» томонидан уларнинг ғояларига эргашмаган мусулмонлар диндан чиққанликда айбланиб, ижтимоий-сиёсий тадбирларда иштирок этиш, хусусан, сайловларда қатнашиш, миллий байрамларни нишонлаш, замонавий кийим-бош кийиш, милодий календардан фойдаланиш каби амаллар гўёки мусулмон кишининг «куфр»га кириб қолишига етарли далил деб ҳисоблаб, бундай одамларни ўлдириш ва мол-мулкини талон-тарож қилиш мумкин, деб даъво қилади. Мусулмон мамлакатлари ҳукуматлари гўёки «тоғут», яъни Аллоҳга ҳаддидан ошганлар, христианлар ва яҳудийлар анъанавий исломдаги каби «аҳли китоб» эмас, балки динсиз «кофир» деб эьтироф қилинади.

Шу тариқа «жиҳодчилар»нинг назариётчилари исталган ҳукуматни, жамиятни ёки алоҳида фуқарони ислом душманлари тоифасига киритиб, уларга нисбатан куч ишлатиш мумкин эканига «фатво» бермокда.

«Дорул-куфр» эса «кофирлар» қўли остидаги ҳудуд ҳисобланиб, барча мусулмонлар учун мазкур ҳудудни «Дорул-ислом»га айлантириш учун «жиҳод» қилишлари фарз ҳисобланади.

“Дорул-куфр” ва «дорул-ислом» масаласида ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг хулосасига кўра, диёр «куфр» бўлиши шартларидан бири ушбу ҳудудда бирор мусулмон ёки зиммийга омонлик берилмаган бўлиши керак. Агар диёрда ислом аҳкомидан озгина микдорда қолган бўлса ҳам мамлакат дорул-ислом ҳукмида қолаверади.

Ҳанафий уламоларининг фатволарига мувофиқ, «жума намози, ийд намозлари каби ислом ҳукмлари жорий этилиши билан дорул куфр дорул исломга айланади”. Шу нуқтаи-назардан ташқи истилога учрамаган барча мусулмон мамлакатлари ислом диёри саналиб, ушбу ҳудудлардан ҳижрат қилинмайди ва мазкур давлатларга нисбатан қуролли жиҳод олиб бориш мумкин эмас.

2005 йил июлида Оммон (Иордания) шаҳрида ислом дунёсининг етакчи уламолари томонидан «такфир» масаласида қабул қилинган фатвода «тўрт сунний мазҳаб ва шиа мазҳабидаги жаъфарий, зайдий, ибодий ва зоҳирий оқимига эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш мумкин эмас», деб эълон қилинган.

Қайд этилганлар мусулмонларнинг эътиқодини йўққа чиқариш, ўзидан бошқаларни кофир динсиз, деб ҳукм чиқариш соф ислом таълимотига зид эканини тасдиқлайди.

Юқоридагиларга хулоса қилиб айтганимизда, экстремизм инсониятга энг хавфли ижтимоий иллатлардан биридир. Экстремизм диний ранг-барангликни рад этиши билан мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солади. Ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказадилар, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш шакллардаги зўравонлик ва агрессивлик мафкурасини ёядилар.

Шу нуқтаи-назардан, жамиятда диний асосда низолар чиқишига йўл қўймаслик, динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олиш давлат ва жамиятнинг олдида турган ҳаётий муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Экстремизмга қарши курашнинг самарадорлигини оширишда ғояларга қарши мафкуравий иммунитет шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Комилжон МУРАТОВ
Мирзаобод тумани “Абу Дардо”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *