Бебаҳо неъмат.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, дунёдаги баъзи давлатларда турли табиий офат сабабли, бошқа давлатларда эса қирғинбарот урушлар туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмокда.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозир ер юзида 7,5 млрд атрофида инсон яшайди. Улардан 800 млн нафари очлик ва чанқоқликдан азият чекади.

Рамазон ойида мусулмон ўлкаларидан бирида истиқомат қиладиган диний олимнинг телефони жиринглаб қолди. У олим ўз хонадонида, тузалган дастурхон атрофида, уй совутгичли салқин хонада ифторлик вақтини кутиб ўтирар эди. Телефон гўшагини кўтарди. Қўнғирок килган одам савол билан мурожаат қилаётганини айтди:

— биз хам мусулмонмиз, Рамазон рўзасини тутмокдамиз, лекин саҳарлик вақтида ейишга ва ичишга ҳеч нарсамиз йўқ, кўпинча саҳарлик вақтида ният килиб оғиз ёпиб, ифторлик вақтида ҳам яна ният билан оғиз очишимизга тўғри келмоқда. Шу ҳолатда рўза тутишимиз тўғрими?

Салқингина хонада, ноз-неъматлар тўла ифторлик дастурхони атрофида ўтирган олимни бўғзига йиғи тўла бир нима тиқилганидан саволга  жавоб бера олмай қолди. Гўшакни нарги томонидан эса, “Алло, алло жавоб беринг? Сизга нима бўлди?” — деган овоз келар эди.

Аллоҳ таолага чексиз шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Бу неъматдан оқилона фойдаланилган ҳолда диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суратларда олиб борилиши натижасида шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб бормоқда.

Юртдошларимиздан бахт ҳақида сўрасангиз, Юртимиз тинч бўлганлиги учун яхши уйларда яшаш, яхши уловларда юриш, фарзандлар камолини кўриш, уларни яхши ўқув даргоҳларида ўқитиб, етук инсонлар қилиб тарбиялаш ва чиройли тўйлар қилиш, деб жавоб беришади.

Агар дунёда очлик ва чанқоқликда қийналиб ҳаёт кечираётган 800 млн одамдан бахт нима деб сўрасангиз, биласизми улар нима деб жавоб беради?! Умримнинг охиригача ҳар куни бир пиёла сув ва бир бурда ноним бўлса бўлди. Оч бўлсамда, юпин бўлсамда тинч бўлсам, шу энг катта бахт! – деб жавоб беради.

Яна бир бор ўйлаб, фикр қилайлик дунёнинг арзимаган матоси деб жонлари, соғлиқлари, имон-эътиқодлари, оилалари, бола-чақалари пароканда бўлишга йўл қўяётган йигит-қизларимизни, фарзандларимизни ношукрлик, борига қаноат қилмаслик каби иллатлардан қайтарайлик. Борига ва озига сабр қилиб, Яратгандан баракасини тилаб, дунё ва охиратимиз саодатини ўйлаб иш тутайлик, зеро, Ҳақ таоло барчаларимизни огоҳ этиб, шундай деганку:

(Яна унинг): «Ва Роббингиз (сизга): «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирган(ини эсланг)”. (Иброҳимсураси, 7-оят)

Албатта, бу ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насихат, кўзи очиқларга ибратдир.

Хулоса ўрнида Исмоил Маҳмуд Марғинонийнинг ушбу мисраларини келтирамиз:

Эй ўғил-қиз, яхши ҳолат ичрасиз, шукрин қилинг

Яхши юрт, яхши иморат ичрасиз, шукрин қилинг

Халқаро яхши мақомат ичрасиз, шукрин қилинг

Туну-кун яхши ҳимоят ичрасиз, шукрин қилинг

Ҳур Ватан ичра фароғат ичрасиз, шукрин қилинг

Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *