Ёшларни фирқа ва оқимларнинг ёт ғоялардан асрайлик

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Юртга баркамол авлодни етказиш учун оилада фарзанднинг одоб-ахлоқни мукаммал тарбиялаш, айниқса она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ҳар бир ота-онанинг  ўта муҳим вазифаси ҳисобланади. Ватанимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчидир. Бобокалонимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: “Нажот фақат илмдадур”, деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. “Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради” –деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Аллоҳ таоло: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…, дейди (Бақара сураси, 256-оят).

Дарҳақиқат, Конституциямизда “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонун  доирасида белгилаб қўйилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда барчани дунёда  тенг бўлиб яшашни ва алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюрган.  Фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб биз инсонларни огоҳлантирган. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”, деган (Оли Имрон сураси, 103-оят). Муфассир уламолар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш  вожиб деганлар. Мазкур оят ҳукмига биноан, ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхталишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, адашганлар Қуръони каримдаги оятларга ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишган. Мақсадлари мусулмонлар орасида фитналар пайдо қилиш эди ва бунга эришдилар. Натижада кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан.

Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл маъно ва моҳиятини англатиш лозим. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига асло алоқаси йўқлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш шартдир. Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди:  “…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60).

Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш  ҳар бир  мусулмон кишини бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, маърифатни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 1-оят).

Ҳозирги кунда дин номидан  турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида митинг, намойиш, йиғин, исёнлар ва аҳолининг турли табақалари жамият билан ҳокимият ўртасида ҳарбий қуролли тўқнашувлар амалга оширилмоқда. Ислом  дини  тўғрисида бирон бир тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда. Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Айниқса, ёшларнинг кўпи “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” кабилардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир. Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Интернет саҳифаларидаги айрим ҳаё, одоб-ахлоқ  каби миллий урф-одатларимизга хилоф мазмундаги нарсалар  фарзандларимиз тарбиясига  салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб унда ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида йўлга қўйилди ва қариб 1500 йилдан буён бизнинг аждодларимиз шунга амал қилиб келмоқдалар. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар миллий қадриятларимизга айланиб қолди. Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай миллий ва диний қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Яна бир гап.

Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматдир. Бу неъматнинг қадрига етмоқ ва ундан унумли фойдаланиб, ўзининг билимини  ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади. Ҳамда турли бузғунчи кимсаларнинг хуружидан ўзини ҳимоя қила олади.

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *