Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас даргоҳ деб билади. Шу боис уни қадрлайди, меҳр ва муҳаббат билан эъзозлайди. Оила жамиятнинг дастлабки муҳим бўғини сифатида мустаҳкам қурилиши, никоҳга кирувчилар ота ёки она бўлишнинг юксак масъулият эканлигини англашлари, лозим. Чунки оиланинг фаровонлиги – бу жамият фаровонлиги ва равнақини таъминлайди. Оиланинг фаровонлиги эса оила қурувчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига, рўзғор ва фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятни бирдай ҳис қилишларига бевосита боғлиқдир.
Ҳар қайси миллатнинг, ҳар бир инсоннинг маънавиятини шакллантиришда оиланинг ўрни беқиёс. Инсонга хос бўлган энг самимий ва беғубор туйғулар, ҳаёт тўғрисидаги дастлабки тасаввурлар, атроф-муҳитга муносабат, энг аввало, оилада шаклланади. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг келажакда комил инсон сифатида шаклланиши учун муҳим бўлган дунёқарашини, характерини белгилаб берадиган маънавий мезонлар – олижаноблик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, эзгулик, ор-номус, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат каби юксак тушунчаларнинг барчаси оилада туғилади.
Ўзбек оиласининг дунёдаги бошқа оилаларга ўхшаш томонлари бисёр. Бироқ ўзига хос ва бетакрор жиҳатлари ҳам талайгина. Масалан, бола эрталаб барвақт уйғониши шарт, чунки инсонга ризқ эрталаб улашилади, кимки ухлаб қолса бериладиган ризқидан бенаво бўлади, дейилади. Юз-қўлни ювмасдан саломлашилмайди, юз-қўл ювилгандан кейингина кичиклар катталарга салом берадилар. Аёллар нонушта ҳозирлайдилар, қизлар, келинлар ҳовлини, кўчани супурадилар. Дастурхонга биринчи бўлиб оиланинг ёши улуғи қўл узатади. Ишга, ўқишга, сафарга оиланинг ёши улуғидан фотиҳа олиб кетиш шарт бўлганидек, қайтганда ҳам, уларга салом бериш одатдир.
Ҳалоллик, меҳнатсеварлик, аҳиллик, фикрий бирдамлик, одоблилик, ахлоқий поклик, иноқлик, тотувлик, билимга, касб-ҳунарга интилиш, ўз шаънини асраш, эл ичида обрўсини сақлаш, ҳар бир ишни бажаришдан олдин «одамлар нима деркин» деган мулоҳазага бориш, соғлом турмуш тарзи, қонунга тўғри келмайдиган ҳар қандай нопок, жирканч ишлардан сақланиш, меҳр-шафқатли, оқибатли бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ва бошқалар ўзбек оиласининг маънавий асосини ташкил этиб, уларнинг барчаси қадрият даражасига кўтарилган.
Оиланинг инсон камолотидаги ўрнига алоҳида аҳамият берган халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади» деган нақл бор. Бу мақол бежизга айтилмаган, албатта. Чунки боланинг дунёқараши, атроф-муҳитга муносабати 5-7 ёшда бўлганлигида шаклланишини ҳисобга оладиган бўлсак, айнан шу даврда оиладаги муҳит унинг маънавиятига замин яратади, дейиш мумкин. Шунинг учун оилавий тарбия масаласида хатоликка йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир хонадондаги маънавий муҳитни яхшилаш зарур. Бу масалада оилада асосий тарбиячи саналган бобо-бувиларнинг, улар бўлмаган тақдирда аёлларнинг ўрни муҳимдир. Эрталаб отани ишга кузатиш (оёқ кийимларини тозалаш, иш кийимларини бир қур кўздан кечириш, яхши тилаклар билдириб дарвозагача кузатиб бориш), унинг ишдан қайтишини алоҳида тайёргарлик билан кутиб олиш (дастурхон ёзиш, қўл ювиш учун сув, артиниш учун тоза сочиқ ҳозирлаш, қалинроқ кўрпача солиш), бирор бир муҳим масалани унинг рухсатисиз ҳал этмаслик каби қадриятларимизда, энг аввало, оналар ибрат намунаси бўладилар. Шу боис, кейинги пайтларда отасининг ўрни баланд, сўзи сўз бўлган оилалардан келинлик учун қиз танлаётирлар.
Соғлом оилада етук маънавиятли баркамол авлод вояга етади ва улар мамлакатимизнинг ишончли таянчига айланади. Оилалар авлодлар, қадриятлар, миллий урф-одатлар давомчиси, жамият ва мамлакат таянчидир. Зеро, аҳил ва тинч оилалар, уларда дунёга келаётган соғлом болалар давлатнинг суянчи ва куч-қудратидир. Шунинг учун ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришимиз, тозалик ва озодаликка алоҳида эътибор беришимиз зарур.
Қобилжон АСЛАНОВ,
Сирдарё вилояти «Абдухолиқ Ғиждувоний»
жоме масжиди имом-хатиби