Ислом –бағрикенглик дини

Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоатларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, бу бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, буларнинг ичида  мусулмонлар ҳам бор, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.
Ояти каримада Аллоҳ таоло:
«(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!» (Иброҳим, 42), деб  марҳамат қилган.
Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки оқимлар ғояларига мутаассибона ёндошиш оқибатида, минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг ката зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан сифатлаш ўринлидир.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини мулоҳаза қилсак, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан қайтаради.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А.Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan