Аллоҳ таоло сизу бизларга покликни севишини сифатлаб шундай дейди: “Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради”. Тавба сураси 108-оят.
Ислом дини поклик устига қурилган диндир. Муқаддас динимизнинг қайси китобини очсангиз, хоҳ у ҳадисга оид бўлсин, хоҳ у фиқҳий-шаръий ҳукмлар тўплами бўлсин биринчи бўлиб “Поклик” бобига кўзингиз тушади. Фақатгина бизнинг динимизда, Ислом динида тозалик ибодат даражасига кўтарилган. Қайси бир иш бўлмасин, дунёдаги ҳаёт турмушимизнинг иши ёки ибодатларимиз бўлмасин, барчаси поклик билан амалга ошади. Буни ҳозирги фан тилида “гигиена” дейилади. Юқорида зикр этилган оят ва тозалик борасида айтадиган ҳадисларимиз буларнинг барчаси покликка – гигиенага риоя қилишга ундайдиган бир омилдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Поклик иймоннинг ярмидир”. Демак, бизлар иймонли мўмин бандалар эканмизми, покликка риоя қилишимиз лозим. Тозалик бу иймонимизнинг ярми экан, поклик бу динимизнинг ярми экан. Демак, тозалик-озодалик бўлмаса, ҳеч бир ибодат мақбул эмас, қолаверса, соғлиғимизга ҳам зарардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонаисдаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин”, деб марҳамат қилдилар.
Яъни бизлар бошқа умматлардан фарқимиз, таҳоратга эътибор берганимиз учун, мана шундай ажралиб турамиз. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини пешоналаридаги, оёқ-қўлларидаги пок нурлар ила танирлар.
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, унга ўнта савоб ёзилади”. Кўп зотлар савоб умидида ушбу ҳадисга амал қилиб, таҳорат қилишни ўзларига одат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бир киши: “Идишга тушиб қолган нарсани кўрсамчи?” У зот: “Олиб ташла”, дедилар. “Мен бир нафасда ича олмайман”, деди. “Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир”, деб марҳамат қилдилар.
Бу эса шахсий гигиенанинг бир кўриниши, яъни инсон нафас олганда кислород ютиб, нафас чиқарганда ҳар хил микроблар чиқади. Шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлаш ёки ичига нафас олишдан қайтардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир”. Ушбу ҳадислар билан Ислом маданиятимиз қанчалар юксак эканлигини англашимиз мумкин. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг устини ёпинг, мешкобларнинг оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушади. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганда ўша вабодан, алабатта, уларга тушади”, дедилар.
Бу ҳадиси шарифда ҳозирги медицина илмлари тасдиқлаган ва қатъият билан амал қилаётган озиқ-овқатлар орқали, уларга тушган микроблар орқали турли касалликлар, беморликлар, ваболар тарқалиши мумкин эканлиги таъкидланмоқда.
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда тунаганини билмайди”, яъни кечаси уйқуда бўлганида қўли қаерларига текканини билмайди, деб марҳамат қилдилар.
Ислом дини нақадар энг тўғри дин эканлигини, инсониятни покликка олиб борувчи ва фақат башариятнинг фойдаси учун хизмат қилишини билиб олишимиз керак.
Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби