Ислом дини илм-маърифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Динимиз кўрсатмаларига кўра жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ушу сохага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада билимларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.
Агар жамиятда бир сохада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби ҳар бир соҳада мутахасислар бўлиши шарт. Илмсизлик ва жаҳолат жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун катта офатдир. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали дунё ва охиратларини обод қиладилар.
Бугунгилик кунда бутун дунё бошидан ўтказаётган синовли онлар, бизнинг ҳам юртимиздан ўтмаётгани сир эмас. Юртдошларимиз уйда қолиб, ўзлари учун китобни дўст тутган ҳолда эркагу-аёллар, катта-ю кичкиналаримиз билим-кўникмаларини янада ошириш ҳаракатларида бўлаётганлари хурсандчилигимизнинг сабабларидан биридир. Ҳаётимиз фаровонлиги яхши ниятлар ила мутолаа қилаётган китобларимизга ҳам боғлиқлигини унутмаслик даркор.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ҳар-бир фурсатни қўлдан бой бермаслигимизга ундадилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексалигинг олдидан ёшлигингни, касаллигинг олдидан саломатлигингни, камбағаллигинг олдидан бойлигингни, машғуллигинг одидан бўшлигингни, ўлиминг олдидан ҳаётингни», дедилар».
Ҳоким ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам битта ҳадиси шариф билан олам-олам маъно касб этувчи гўзал оқибатга далолат қилдилар. Инсонга берилган ёшлигидаги қувватини, саломатлигидаги соғлигини, молу-дунё берилган бойлигини, ҳаёт берилган тириклигини ва ҳамда фурсат берилган бўш вақт-имкониятини яхшиликлар билан тўлдиришга чорлаб, кейинчалик афсуси надомат қилмасликка чақирмоқдалар.
Нашр қилинаётган китоблар адади жуда кўпдир. Лекин биз Ўзбекистон матбуот уюшлари нашриёти, Диний Қўмита бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси томонидан чоп этилаётган манбалардан фойдаланишимиз манфаатлидир.
Келинг қадрдонларим!
Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳар кунги имкониятларимиздан унумли фойдаланиб, ҳеч бўлмаганда бир соат вақт ажратайлик. Шоядки бу амалларимиз билан фарзандларимизни янада маърифат ва маънавиятларини, китобга бўлган муҳаббатларини оширишга сабаб бўлса ажаб эмас!
Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани бош имом-хатиби