Маънавиятимиз заволи

Бугун биз тарихий бир даврда халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч осойишта ҳаёт кечираётган бир замонда яшамоқдамиз.

Биз ёшларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра билимли ва бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада хушёрлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятимизга йўғирилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин.

Эл юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум холатларни бир неча бор кўрган ва уларнинг жабрини тортган шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмишимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмаган, кечаги кунни унитган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бор ўз исботини топган.

Маълумки биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган, аксинча халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган комунистлик мафкурани ҳар қандай йўллар билан зўровонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бу соҳадаги аҳволни тубдан ўзгартириш юртимизда энг долзарб ва хал қилувчи вазифалардан бирига айланган.

Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат ҳавфсизлигини, унинг миллий манфаътларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий ҳатарлардан бирига айланиши  ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарса бера олмайди” деганлар.

Биз фарзандларимизнинг бахт-саодатини ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла куйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай улкан масъулят борлигини унутмаслигимиз зарур.

Айрим ёшларнинг юриш-туриши, айниқса кийинишини кўриб, наҳотки шу қиз ёки йигит бизнинг фарзандларимиз, бизнинг тарбиямизни олиб ўсган бўлса? Баъзи ёшларимиз миллатимизга хос бўлмаган либосларни кийиб юришини оқлаб бўлмайди. Ота-она, устоз ва мураббийлар, мутасадди ташкилотлар, ёшларимизга миллий қадриятларимизга, маънавиятимизга, тарбия мезонларимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга қарши кенг кўламли тарғибот – тушинтириш ишларини олиб борайлик. Энг муҳими фарзандимизни соғлом комил инсон қилиб тарбия қилайликки, улар ўз ота- боболарига, тарихимизга, ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин .

Кенжабой  УРМАМАТОВ
Сардоба  тумани “Имом  – Аъзам
масжиди  имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan