Фарзандни маънавий – ахлоқий жиҳатдан тарбиялаб, вояга етказишда оила асосий бўғин ҳисобланади. Оиладаги тарбия бутун жамиятнинг, миллатнинг бугунги куни ва келажагига таъсири бўлади. Фарзанд – ота онанинг қувончи, умр меваси, оила фахри, келажаги, бахтидир. Оиланинг мустаҳкамлиги, оилавий муносабатлар маданиятнинг даражасига боғликдир. Маълумки, оилавий муносабатлар жамият ва миллат ижтимоий муносабатларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Оиланинг жамиятда тутган ўрни шу қадар баландки, у ҳеч қандай таърифга сиғмайди. Фарзанднинг тўғри тарбия топишида, унинг ҳар тамонлама соғлом ўсиши, жисмонан ва маънан камолга етишида ота онанинг вазифаси, бурчи алоҳида ўрин тутади. Ҳар бир ота она фарзанд тарбияси билан жиддий шуғилланиши керак, аммо фарзанд тарбияси билан шуғилланадиган ота оналарнинг ўзлари фарзанд тарбияси ҳақида маълум бир билимга эга бўлиши лозим. Уларнинг ҳар иккиси ўз вазифаларини, ота оналик бурчларини мукаммал адо этишса, яъни фарзандни жисмонан, ақлан ва ахлоқан камолга етиштириб, ҳаёт майдонига кучли, ақлли, билимли ва яхши ахлоқ билан тарбиялаши керак. Фарзанд ота онаси бағрида кўз очиб дунёга келади ва уларнинг таъсирида атроф оламни идрок этиб, тил чиқаради ва муомилани ўрганади. Оилада ўғил бола отасидан кўрганларини, қиз бола эса онасидан кўрганларини ўзида мужассам этиб тарбияланиб боради. Оила ана шундай бебаҳо тарбия маскани, инсонни шакллантиради, уни улғайтириб, келажакда ким бўлишини таъминлаб берадиган институт десак хато қилмаймиз. Фарзанд авлод давомчиси, айни пайтда ота онанинг қувончи-ташвиши, агарда яхши бўлса фахри ва бахтидир. Агарда ёмон тарбия олган бўлса ота онанинг кўргулиги фожеасидир. Бугунги кунда вояга етиб келаётган ёш авлодни оилавий ҳаётга тайёрлаш муҳим рол ўйнайди. Фарзандларга “Оила муқаддас қўрғон” деган тушунчани чуқур англатиб боришимиз лозим. Фарзандларимиз яхши тарбия олиб улғайсагина, Ватанга чексиз ҳурмат ва эҳтиром туйғусини шакллантирмоғимиз лозим. Жумладан, “Она юртинг –олтин бешигинг”-деб ўз хонадони, юрти, ватанга меҳр муҳаббатини ошириб боришлик, бугунги яшаётган яхши замонимизга шукроналар айтишни ўргатиб боришимиз керак. Ватанни севиш, ватанпарварлик хам аслида бир маънавиятдир. Ёшларни ватанимизга, миллий ғоя ва анъаналаримизга садоқатли қилиб тарбиялаш, ўз Ватани ва халқи, шунингдек табиат ва жамият олдидаги маъсулият ҳиссини ошириб тарбияласак, улар оила қувончи ва Ватан равнақи учун хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишади.
Мамарайим ТОШМУРОТОВ
Мирзаобод туман “Зомин”
масжиди имом-хатиби