Абу Довуд ва Имом Термизий Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар.
Ибн Можа ва Байҳақий Анасдан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин”, деганларини ривоят қилишган.
Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир.
Таом еб бўлингандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилиш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомланишдан фориғ бўлсалар “Алҳамдулиллаҳиллази атъамана ва сақонаа ва жаъалана минал муслимийн, деб дуо қилган эканлар.
Маъноси: “Бизни едириб, ичириб, мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Таомланиб бўлган инсон икки қўлини ювиб, оғзини чаймоқлиги юксак одоблардан биридир. Мусулмонлик одоби ҳар қандай таом тановвул қилганда уни мақташни, айбламасликни ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур изҳор этишни тақозо этади. Уни ёмонлашлик мутлақо мумкин эмас, агар табига ўтирмаса уни тарк қилинади. Таом иссиқ бўлса, уни совишини кутиб туриш ҳам одобдир. Уни пуфлаб совутиб бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишдан қайтарганлар. Таомни ўртасидан ва устидан ҳам еб бўлмайди, четидан еб бориш одоб саналади.Таомни туриб, суяниб ва юрган ҳолда ейишлик беодобликдир.
Шуни айтиш керакки, овқатланаётганда бош ва бошқа аъзоларни қашламоқ, оғзидаги луқма билан гаплашмоқ, ёнидаги шеригининг овқатланишига қарамоқ, таомни иссиқ холда емоқ, таомни айбламоқ. Таомни пуфламоқ, таом юриб кетаётиб емоқ, тик туриб таом емоқ, номақбул амаллардан.
Абдуқаҳҳор ХЎЖАМУРОДОВ
Ховос тумани “Ғойиб ота” жоме
масжиди имом-хатиби