Исломнинг гўзал ахлоқларидан бири бу беҳуда-бекорчи сўзлардан тилни тийишдир. Буни ҳадиси шарифда Сарвари коинот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
“Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”.
Яъни беҳуда нарсаларни, яъни у хоҳ сўз бўлсин, хоҳ у амал бўлсин мусулмон киши ўша нарсани қилмаслиги бу ахлоқининг гўзаллигидан далолат қилади. Ислом динини ҳақиқатини англаган бўлади.
Мусулмон киши оғзидан ортиқча бекорчи сўз чиқармасин. Динига фойдали гапларнигина гапириши, бирон фикр айтишдан аввал унинг оқибатини ўйлаши, фойда-зарарини мулоҳаза қилиши лозим. Агар бефойда бўлса, ундай сўздан ўзини тийиши, агарда фойдали бўлса ҳам мабодо шу сўзни айтса, ундан кўра фойдалироғи қолиб кетмасмикин, деб тафаккур қилиши ва у сўзни зое кетказмаслиги керак. Дилдаги нарсани тилнинг ҳаракатидан билиб олиш мумкин, чунки соҳиби хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, тил қалбдаги асрорлардан хабар беради. Яҳё ибн Маоз айтадилар: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнаб туради, тиллар эса, унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб тургин, чунки унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқади. Хуллас, дилнинг таъмини баён қилади”. Яъни, тил чўмичи билан қозондаги таом мазаси билингани каби, инсоннинг қалбидаги нарсани гапидан билиб олиш мумкин.
Суфёни саврий дейдилар: “Менга камоннинг ўқини отгани тили билан отгандан кўра яхшироқ. Чунки тилниннг хато қилмайди, аммо ўқни отса гоҳида хато кетади”.
Имом Нававий айтадилар: “Билгинки, вояга етган ҳар бир инсон барча сўзлардан тилини тийиши лозим, фақат фойдали гапларнигина айтиш керак. Мабодо бирон сўз фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайдигани маълум бўлса, ундай сўздан ўзини сақламоқлик суннатдир. Чунки бундай мубоҳ – ҳеч зарарсиз сўзлар ҳам гоҳо ҳаром ёки макруҳ ишларга сабабчи бўлиб қолади. Салафи солиҳлар ҳаттоки “Кун иссиқ ёки кун совуқ” каби сўзларни ҳам аввал мулоҳаза қилиб сўнгра айтар эдилар”.
Абу Дардо р.а. айтадилар: “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғизу иккита қулоқ берилган”.
Тилни тийиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча ҳадислари бор:
“Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”
“Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди. Кимни гуноҳи кўпайса, дўзахга тушиши бор. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим ўтирсин”.
Амирал муъминийн ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу тилларидан бирон ортиқча сўз чиқиб кетмаслиги учун, оғизларига доимо тош олиб юрар эдилар.
Мухаллад ибн Ҳусайн: “50 йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим”.
Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?”, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан.
Авзоъий дейдилар: “Мўмин гапини камайтириб, амалини кўпайтиради. Мунофиқ гапини кўпайтириб, амалини камайтиради”.
Тил Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидандир. Шундай экан бу неъматнинг қадрига етиб керакли ўринларда ишлатишни одат қилишимиз лозим. Унинг воситасида инсон хоҳласа ўз охирати учун яхши захира тўплайди, хоҳласа охиратини барбод қилади. Шу боис, ҳадисларда тилни тийиш ва кам гапиришга катта эътибор қаратилган.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби