“Фарзанд- одоби билан гўзал”

   Албатта, Аллоҳ таолонинг бандаларига ато қилган нематлари беҳисоб, уларни санаб саноғига етиш мушкул.

         Мана шундай улуғ нематларидан бири фарзанддир. Зеро, фарзанд наслнинг давомчиси, Ота онанинг кўз қувончи, оилавий риштанинг мустаҳкам пойдеворидир. Қурьони Карийм Азиймушшанда  Аллоҳ таоло  марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди ….” (Нахл сураси 72-оят).

         Фарзанд туғилгандан сўнг ота-она уни кўз қорачиғидай асраб, парваришлайдилар. Яъни  фарзандни едириб, ичириб, кийинтириб, моддий томондан қийналмасдан вояга етишига жидду-жаҳд қиладилар. Келажакда фарзанд хоҳ ўғилдир, хоҳ қиздир ота-она уни бахтли бўлишини, фарзандининг камолотини кўришни истайди. Албатта фарзандини моддий томондан таъминотини яхши бўлиши учун ота-онанинг ҳаракати зарур. Лекин, шунинг билан бирга фарзанд тарбиясида маънавий тарбияга ҳам жиддий эътибор кўрсатиш, муқаддас Ислом динимизнинг асосий кўрсатмаларидандир.

         Фарзанд оилада чиройли тарбия топса, маънан етук инсон бўлиб етишса, аввало бу ўша фарзанд ота-онасининг улкан ютуғидир. Шунинг билан бирга бундай комил фарзанд ўша жамият учун ҳам юксак ютуқ хисобланади. Фарзандларимизни Ватанига, динига, оиласига садоқатли, катталарни хурмат кичикларни иззат қиладиган, жамоат жойларида ўзларини чиройли тутадиган гузал одобли ўғил қизлар қилиб тарбиялаш муҳим вазифадир. Фарзандларимизда садоқат, адолат, ростгўйлик, саховат, ибо, ҳаё каби ижобий  хислатларни камол топтириш уларни етук ва комил шахс бўлиб етишишида муҳим омилдир.

         Албатта Ватан оиладан бошланади, шундай экан хар бир ота-она фарзанди одоби, ахлоқи тарбияси билан у хали гўдаклик чоғидаёқ шуғулланиши лозим ва лобуддир. Павйғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом муборак хадисларида марҳамат қиладилар: “Ота фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”. (Термизий ривояти).

         Буюк ҳамюртимиз қомусий аллома Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси хақида шундай деган эдилар: “Ёш бола таълим тарбия оладигин жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола хар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

         Афсуски баъзи оилаларда фарзанд тарбиясига етарлича эътибор берилмаганлигидан кўпгина нохуш ҳолатлар юзага келмоқда. Баъзи ота-оналар оилани моддий таъминлашга этибор берадилару, аммо лекин фарзанд тарбиясига унинг маънавий руҳи томонларига эътибор қаратишмайди. Баъзи ота-оналар эса ичкиликка, маишатга берилиб кетиб оиласини на моддий на маънавий тарбияси билан умуман шуғилланишмайди, балки бундай ота-оналар ўзлари тарбияга, панд насиҳатга муҳтож. Бундай бузуқ ва тарбиясиз мухитда тарбия топган фарзандлардан келажакда нимани хам кутиш мумкин.

         Бугун интернет, ижтимоий тармоқлар кенг тараққий этган бир пайтда ёшлар тарбиясига янада этиборни кучайтириш зарур. Чунки турли хил ёт ғояларни, фаҳшни, зўравонликни ва бошқа салбий иллатларни келтириб чиқараётган ва ёшларни ўз домига тортиб кетаётган бир вақтда биз ёшларимизни тарбияси, этиқоди, маънавияти билан чуқур шуғулланишимиз даркор.

         Ёшлар келажагимиз уларни гўзал ахлоқли, ҳусни хулқли, ибо-андишали, меҳнаткаш, ватанпарвар, миллати ва динига содиқ қилиб тарбиялаш ҳам ота-оналар, ҳам мураббийлар, устозлар ва жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг Ватан, келажак олдидаги бурчидир.

         Сўзимизни Пайғамбаримиз Мухаммад (алайҳиссалом) нинг ушбу ҳадислари билан якунлашни мақсадга муофиқ деб билдик: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.(Муслим ривояти)

Ғофужон ТОЖИҚУЛОВ
Сардоба тумани “Алишер Навоий”
жоме масжиди имом-хатиби.                                            

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan