Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат килади: «Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор.Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба сураси, 108). Албатта, ислом дини поклик ва озодалик динидир. У тозаликни имоннинг узвий бўлаги деб ҳисоблайди. Инсонни аввало руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради.
Зеро, поклик инсон учун берилган энг буюк неъмат саломатликни муҳофаза қилишнинг энг асосий омилидир. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин покликни ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган.
Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Поклик иймоннинг ярмидир”, дейдилар.Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:“Поклик кишини иймонга чақиради, иймон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир,” деб марҳамат қилганлар.
Поклик озодалик қанчалик улуғлигини қуйидаги ҳадислардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Омир Ибн Саьд ибн Абу Ваққосдан ривоят килинади. «Набий соллаллоҳи алайҳи васаллам шундай деганлар: «Албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни севади, покдир, покизаликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта сахийдир, сахийликни севади». Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг сийратлари ҳакида Оиша онамиздан ривоят килинган ҳадисда шундай дейилади:” Росулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар: жунубликдан, жума куни, қон олдирганда ва майитни ювгандан кейин” (Абу Довуд ривояти). «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар асносида хожатни ирода этсалар, ҳеч ким кўрмайдиган жойга борар эдилар.».Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожат одоблари ҳақида марҳамат қилиб шундай деганлар:»Учта лаьнат олиб келадиган амалдан: сув ҳавзаларига, йўл ўртасида ва одамлар салқинланаётган жойларда хожат чикаришдан эҳтиёт бўлинглар”.
Минг афсуслар булсинки, айрим опа-сингилларимиз гўдакларини одамлар кўз олдида, дарахт соясида, йўл четида, ёки тўғридан-тўғри сувга ҳожатга чиқараётганларининг гувоҳи бўламиз.Анчагина каттароқ бўлиб, эсини таниб қолган болаларнинг ҳам тўғри келган жойга бавл қилаётганини кўрамиз.Бу холат оналаримизнинг билимсизлиги ёки билсалар ҳам фарзандларига тушунтирмаганлари оқибатидан бўлиб, натижада аввало фарзанднинг маънавияти ва саломатлигига ёмон таъсир қилади.Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар ва нимага буюрган бўлсалар буларнинг ҳаммаси инсон манфаатини кўзлаб қилингандар.
Демак, тозалик ва покизалик бобида шафоатчимиз, хабибимиз, севимли Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганларига, аждодларимиз ўгитларига, тутимларига риоя қилишимиз, аввало, ўзимиз, фарзандларимиз, қолаверса, келажак авлод учун, Аллоҳ розилиги йўлида ажр-савобларга эришишимиз учун муносиб амалдир.
Улуғларимизнинг ўтмиш – мустабит тузумдан олдинги ҳаёт ҳақидаги хотираларини тинглар эканмиз, одамларнинг қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан саломлашишлари, катталар қўл узатишмаса, кичикларнинг масофа сақлаганликлари, фақат ҳайит намозларидан кейин бир-бирлари билан қучоқ очиб кўришганликлари, ўшанда ҳам улар юзларини четга қаратиб туришгани, буларнинг ҳаммаси исломий одоб қоидалари, мусулмончиликнинг ўзига хос гўзал одатлари бўлганини англаймиз.
Меҳмон кутишда ҳам худди шундай тозалик қоидаларига қатъий риоя қилинган.Меҳмонни ичкарига таклиф қилишдан аввал ҳам, дастурхонга чорлашдан олдин ҳам қўлига сув қуйиш нафақат одат, балки одоб саналган.Меҳмонлар хонага киргач, аёлларга қиз фарзандлар, эркакларга ўғил болалар елкаларига сочиқ ташлаб, чап қўлларида дастшуй, ўнг қўлларида обдаста билан кириб, бирма-бир ҳамма ўтирганларнинг қўлига сув қуйиб, сочиқ тутганлар.Шундан кейингина дастурхон ёзилган.Дастурхон йиғиштириб олингач, яна шу иш такрорланган.
Зеро, Аллоҳ ўзи пок зот ва банларининг ҳам пок бўлишларини хуш кўради. Шундай экан, ислом дини ўзининг ҳар бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади.
Аждодларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташлама деган ўгитлари ҳам доимо ёдимизда бўлмоғи зарур.Атрофимизни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини асраган бўламиз. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар Ватан ҳам ўзимизники.Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик, хар вақт ҳар жойда тозаликка ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик иймондандир, деб бежиз айтилмаган.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси