Аллоҳ субҳаналлоҳу ва таоло марҳамат қилади:
«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз. Албатта Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир». (Нисо сураси,86- оят.)
Абу Умома Суҳайл ибн Ҳанифдан, у отасидан ривоят қилади:»Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Ким «Ассалому алайкум» деса унга ўнта яхшилик бор, ким:»Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу» деса унга йигирмата яхшилик бор, ким «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва барокатуҳу» деса унга ўттизта яхшилик бор» дедилар. (Имом Табароний.)
Азиз замондошим, Аллоҳнинг марҳамати билан бир қарашда жуда оддий ва осон туюлган саломлашиш орқали ўнтадан ўттизтагача савоб олишимиз мумкин экан. Шу савобдан бебаҳра қолмаслигимиз учун Аллоҳ таоло ўзининг Китобида бандаларига саломлашишни, саломлашганда ҳам гўзал саломлашишни ва гўзал алик олишни буюриб қўйган.
Биз гўзал саломлаша оламизми?
Албатта, ёши улуғ кишилар орасида чиройли салом-аликни кўп учратамиз, лекин аксарият ёшлар орасидаги саломлашишни кўриб энсангиз қотади. Мана ёшларимиз орасида урф бўлган саломлашиш иборалари: хелло, привет, салом ва ҳоказо. Баъзан шунчаки «қалайсан?» деб қўя қолишади. Баъзан каллаларини тўқиштириб қўйишади.
Азиз замондошим, халқимизда «одобни боши- салом» яна «бир болага етти маҳалла ота-она» деган ажойиб нақллар бор. Мадомики, одобнинг боши салом экан қўни-қўшни, маҳалладошларимизнинг фарзанди тарбиясига, одобига бепарво бўлмайлик. «Ота-онасидан ўрганмаган одобни мендан ўрганармиди»,- деган гапни миямиздан сиқиб чиқариб ташлайлик. Зотан катталар ёш авлоднинг тарбиясига масъулдирлар.
Хўш, қандай саломлашиш керак?
Баландроқ овозда ҳадиси шарифдаги иборалар билан салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади. Шу нарсани таъкидлашни хоҳлардимки, психологларнинг аниқлашича одамга ўзининг исмини эшитиш хуш кайфият бағишлайди экан. Шунинг учун салом берувчи саломнинг орқасига унинг исмини ёки лозим бўлганда амаки, амма, хола, тоға устоз, отажон, онажон, дўстим ва шу каби сўзларни ишлатса оддийгина саломлашиш орқали суҳбатдошининг кайфиятини кўтариб олиши мумкин.
Даврага кириб келган киши кўпчиликка салом беради. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Агар бир киши бир қавмга салом берса унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса фаришталар унга алик олишади ва у қавмни лаънатлашади».
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «саломни ораларингизда ёйинглар» деганлар. Салом бериш билан бир биримизга соғлик ва тинчлик неъматларини тилаймиз. Шундай экан, гўзал саломлашайлик ва гўзал алик олайлик, фарзанду набираларимизга ҳам бу гўзал одобни ўргатайлик.
Янгиер шаҳри отинойиси Уралова САОДАТ.