Вақт қиймати

Саъдий ҳазратлари дейдиларки: Инсоннинг бошига бало тушмагунча, неъматнинг қадрига етмайди, яъни неъматнинг неъматлиги қачон билинади вақтики у неъмат унинг оёғининг остидан кетиб қолса. Ана шундагина у неъмат қадри билинади.

Аллоҳ таоло бу дунёни яратиб, умримизни режалаштиришимиз учун кеча ва кундуз қилиб қўйди.

“Ва кечасини либос қилдик ва кундузини тирикчилик вақти қилдик”

 “У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна У зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди”

Одамзоднинг қадри нақадар буюклигига эътибор беринг. Ўзидан неча баробар катта бўлган махлуқларни бани одамга хизмат қилдириб қўйган. Аллоҳ таоло банданинг ҳар бир амалини, ибодатини ва ишларини тартибга  солиб, режалаштирган. Масалан: бир кундаги 5 вақт намоз, 5 маҳалда ўқилади. Ҳар бир намознинг таъйин қилинган вақти бор. Рўза эса тонгдан шомгача, закот фақат бир йил тўлгандан сўнг, ҳаж зулҳижжа ойининг 9-10 кунларида адо этилади. Бу нимага далолат қилади? Аллоҳ таоло бандасининг ишини тартиб-интизомлигини хоҳлайди.

 “Ҳар тонг бўлганда ўша кун дейди: Эй Одам фарзанди, мен янги кунман ва сенинг амалларингга мен гувоҳман. Бас мени ғанимат бил, чунки мен кетиб қолсам, қиёматга қадар қайтмайман”

Шу ўринда Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўгитларини эсласак фойдадан холи бўлмайди: “Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз. Умрингизнинг қолган қисмини ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Шу ҳолда ҳануз ўлим келмай туриб, ишларнинг энг афзалини қилиб олишга шошилинг. Бир қарабсизки, кутилмаган бир соатда ушланиб қоласиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган”

Юқорида айтилган ҳадис билан бу ўгитларда нима нарса таъкидланмоқда? Яъни одамзод учун вақт жуда қийматли неъмат эканлиги таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло неъматлари ичидаги энг қимматли нарса бу вақт экан. Аммо бизлар  бу нарсага жуда бепарвомиз. Аслида диққатга сазовор нарса бу вақтдир. Агар вақт қимматбаҳо неъмат бўлмаганида у билан Аллох таоло қасам ичмасди. Лекин Қуръони каримнинг бир неча жойларида Аллоҳ таоло вақт билан қасам ичган. Аллоҳ таоло ҳуда беҳуда нарсалар билан қасам ичмайди.

«Тонгга қасам” ,“Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам”,  “Ёришиб – кўринган кундузга қасам”,  “Чошгоҳ вақтига қасам”, “Асрга қасам”

Агар Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат бирор ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати улуғлигини инсонларга билдириш эканини муфассирларимиз билдиришган.Аллох таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

“Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”

Демак, вақтдек улуғ неъматнинг қадрига етмаганларни Аллоҳ таоло золим деб номлаяпти.

Шунинг учун Аллоҳ таоло вақтни алоҳида ҳисоб-китоб қилади. Ҳар бир сониясини сўраб олади.

Ҳасан Басрий дейдилар: “Эй Одамизод, сен сонияларсан, сен кунларсан, сен бир неча кундан иборат бўлган умрдан иборатсан, сенинг бир кунинг ўтса сени умринг ўтди, яъни худди сени бир қисминг бўлиниб кетаётгандек. Энди ўзингга бир қарачи шу пайтгача сенинг қанча қисминг бўлиниб кетди. тонг отиб кеч кираяптими, умр ўтаяптими, демак сен ҳам ўтасан. Демак вақт дегани бу сенинг умринг дегани. Худодан қўрқ ва сенга қабрда ҳамроҳ бўладиган хайрли амалларни қилиб ол. Чунки фақат мана амаллардан сенга фойда қолади.”


Ботир домла Носиров

Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом-хатиби                                 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan