Аслида бу мақолани тайёрлашимга ҳозирги замондошларимиз кўзи билан қараганда оддий ҳолат ҳисобланадиган, аслида амал қилувчини дўзаҳга бошлайдиган бир воқеа туртки бўлди.
Кунларидан бирида зарурат юзасидан маҳалладаги кийим-кечак дўконига кирдим.Бироз вақт ўтиб, менинг орқамдан дўконга ёшгина бир жувон ҳам кириб келди. Қўлидаги елим халтадан бир жуфт аёллар оёқ кийими чиқарди-да, сотувчи қизга юзланиб: “Буни бир ой олдин шу дўкондан етмиш минг сўмга ҳарид қилган эдим, тўғри келмади, қайтариб бермоқчиман”, – деди.Сотувчи қиз бир ой олдин дўконда бундай маҳсулот сотилмаганини айтди. Шу пайт дўкон сотувчиларидан яна бири кириб келди. Жувон унга оёқ кийимни кўрсатиб, бир ҳафта олдин шу дўкондан харид қилганини, пулини қайтариб беришларини сўради. Сотувчиларнинг иккиси ҳам бу аёлга ушбу оёқ кийимини сотмаганларини, балки дўконни адаштираётганини айтишди. Аёл сўзида қатъий туриб, шу дўкондан ва шу сотувчидан ҳарид қилганини қайта-қайта таъкидлай кетди. Ёши улуғроқ сотувчи: “Биз оддий сотувчимиз, биз сотмаган нарсамиз учун жавоб бера олмаймиз, қолаверса, дўкон эгасига ҳиёнат қила олмаймиз.Келганларида ўзлари билан гаплашинг”, деди. Шундан кейин жувон ким биландир телефонда гаплашди-да, онам сиз билан гаплашмоқчи, деб қўл телефонини сотувчига берди.Жувоннинг онаси айтишича (Аллоҳ билгувчи) бу оёқ кийимини у 4-5 ой олдин дўконда ишлаб кетган бир сотувчи йигитдан харид қилган экан. Сотувчи телефонда аёлнинг онасига ҳозир бунақа оёқ кийими дўконда йўқлиги, бу масалада келиб, дўкондорнинг ўзига учрашишларини айтди. Жувон дўконда анча ўралашиб юрди-юрди, иш битмагач секин ҳеч нарса бўлмагандай чиқиб кетди. Ачинарлиси, бу ёлғон тўқувчилар она-бола аёллар эди. Бир она қизини тарбиялаб бўлибди. Қизи ҳам гўдакларига ўзи олган тарбияни бераётгани аниқ ва афсусланарлидир. Хўш, бу аёллар рост гапирганларида, аксинча, муаммолари ҳал бўлмасмиди? Ростликни шиор қилиб, ёлғондан қочиш ҳақиқий саодат эмасми?
Муқаддас динимизда ёлғондан йироқ бўлишга ва унга йўл қўймасликка тарғиб қилинган. Аллоҳ Таоло: “Содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди” (Муҳаммад сураси, 21-оят), деб айтган.Яна бир оятда: “Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз” (Ҳаж сураси, 30-оят), дейилган. Наҳл сурасининг 105-оятида:«Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар», .дейилган, валлоҳу аълам.
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:“Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам, ёлғондан сақланинглар.Чунки, барибир, ёлғоннинг охири вой”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаб бу ҳақда:”Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас”, деганлар.
Расулуллоҳдан ворид бўлган яна бир ҳадисда шундай дейилади: “Тўғрилик, ростгўйлик яхшиликка олиб келади. Яхшилик эса жаннатга олиб келади”.
Жунайд Боғдодий ростгўйлик борасида шундай деган: “Ростгўй инсон 40 йил бир ҳолатда бўлади. Риёкор эса бир кунда 40 марта ўзгаради”.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси.