Инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва қадрлиси, инсон камолотининг белгиси сабрдир. “Сабр” сўзи луғатда “чидам, тоқатли бўлиш, тийилиш, бардош” маъноларини англатади. Истилоҳда эса қийинчилик ва мусибатларга бардош бериш, жисм ва кўнгилга номувофиқ ҳолларда қайғуга ва тушкунликка тушмаслик, шошма-шошарлик қилмаслик “сабр” дейилади. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидамга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 153-оятида бундай марҳамат этади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
(سورة البقرة/153)
яъни: “Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”.
Оли Имрон сурасининг 200-оятида эса:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(سورة آل عمران/200)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”!
Барча пайғамбарлар сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яъқуб (алайҳис-салом), туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф (алайҳис-салом), дард-касалликка кўнган Айюб (алайҳис-салом), қийноқларга дош берган Мусо (алайҳис-салом)ларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган.
Сабр энг яхши фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади.
Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳис-салом) сабрни уч турга бўлиб, ибодат қилишда, гуноҳдан сақланишда ва мусибат-машаққатларга чидаб сабр қилишга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: “Сабр имоннинг ярмидир”, дейилган. Ақлли бандалар Аллоҳ таоло розилигини умид этиб сабр қиладилар, чунки сабрга катта ажр-мукофотлар ваъда қилинган:
إِلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ كَبِيرٌ
(سورة هود/11)
яъни: “Илло, сабрли бўлган ва эзгу ишларни қилганларга, айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир” – дейилади Ҳуд сурасининг 11-оятида.
Инсон сурасининг 12-оятида эса сабрли кишиларга жаннат ваъда қилинади:
وَجَزَاهُمْ بِمَا صَبَرُوا جَنَّةً وَحَرِيرًا
(سورة الإنسان/12)
яъни: “яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар”.
Қиёмат куни мўминлар дунё ҳаётидаги бандаликнинг, тоат-ибодатнинг қийинчилик-машаққатларига сабр қилгани учун жаннат боғлари ва гўзал ипак либослар билан тақдирланишади. Эркакларга дунё ҳаётида ипак либослар, ипак тўшак-кўрпачалар ҳаром қилинган эди, охиратда эса уларнинг либослари қалин ва юпқа ипаклардан, кўрпаларининг астари ҳам шойи-ипакдан бўлади.
Пайғамбар (алайҳис-салом) қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чунки намоз сабрга сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни юксак зафарларга, муваффақиятларга етиштиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади”, деганлар.
Айниқса, мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Ҳақ таолонинг ўзи ўргатган истиржоъ (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” – “Албатта, ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, ҳаммамиз Унга қайтгувчимиз”) дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва барча Унга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак. Уламолар: “Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир”, дейишган.
Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам керак, Ҳақ йўлида “чиройли сабр қилиш” керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас. Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Шундагина Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига эришилади. Ҳадиси шарифда: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган”, дейилади.
Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик вазифаларини етарлича адо эта олмайди.
Уламоларнинг айтишларича, уч нарса – садақани, оғриқни ва мусибатни яшириш яхшилик хазинасидир. Бир ҳадисда: “Сабр – ёруғликдир”, дейилган. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади.
Имом Мусоҳибий: “Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади», деган. Сабр имоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутади. Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади«.
Асланбаев Хуршид
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи” жоме масжиди имом хатиби