“Энг азиз неъмат…”

Дунё, бутун борлиқ, теварак-атрофга боқиб, теран фикр юритилса Буюк яратувчи Аллоҳ таолонинг ниҳоятда мўъжизавий ҳикматлари кўплигини англаймиз. Аллоҳнинг биз бандаларига берган неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Ана шу неъматларнинг энг азизларидан бири − ҳаёт манбаи бўлган сувдир. Бу ҳақда Қуръони каримда маълумот берилгандир. “Нур” сурасининг 45-оят маъзмуни қуйидагича: “Аллоҳ барча жониворларни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам, тўрт (оёқ)да юрадиганлари ҳам, икки (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!”. Инсоннинг борлиғи ҳам, тириклиги ҳам сув биландир.

Энг азиз неъматлардан яна бири бу – Нондир. Нон тўкинлик тимсоли, тириклик манбаи. Тирик инсоннинг ҳаётда яшаши учун ҳаво, сув каби нон ҳам керак. Бу бор ҳақиқат. Бугунги фаровон даврда ҳам оиламизни нонсиз тасаввур қилолмаймиз. Меҳмон келса, аввало, дастурхонга нон қўямиз.

         Бугун қайси бир озиқ-овқат дўконига кирманг, унлар навларга ажратиб қўйилган, хоҳлаганча ҳарид қилиш мумкин. Дўконларда нон ва нон маҳсулотларининг сон-саноғи йўқ. Аслида бу тўкинчиликнинг боиси мустақиллик эканини унутмаслигимиз керак. Бошқа неъматлар қатори нонни ҳам исроф қилиб бўлмайди. Исрофгарчилик ношукрликдан келиб чиқади. Ҳозир дунёда миллионлаб одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар куни 35 минг киши очлик туфайли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. 840 миллион киши тўйиб овқатланмайди.

         Аллоҳ дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунинг  шукронаси сифатида неъматларни исроф қилмаслик талаб қилинади.

         Аллоҳнинг неъматларини қадрлаган миллатни Аллоҳ эъзозлайди.

         Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган барча моддий бойликларни яратиб қўйган. Буларнинг барчасини ва она табиатни муҳофаза этиш – Ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизни озода, ичимлик сувларимизни беғубор тутишга, ўзимизни эса покиза юришимизга буюради.

 

Кенжабек Урмаматов
“Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *