Касб-ҳунар эгаллаш

Ислом дини ўзининг илоҳий таълимотлари орқали бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Оила фарзанд жамиятнинг асосий бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариъати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан бошлаб илму-фан, касб-ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Барча жонзотлар ичида ўзининг ақл-фаросати, фаҳму-идроки билан мумтоз бўлган инсон тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга мехнат қилиш, ҳалол ризқлар билан умр ўтказиш ва бунинг эвазига катта ажру савобларга эга бўлади. Алабатта Аллоҳ таъолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Унинг розилигини топишга васила бўлади. Чунки инсон хаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқатлар ва бошқа рўзғор анжомлари, кийим ва либосларига эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлиб, жумладан Аллоҳ таъоло бундай марҳамат қилади:
Яъни: “Бас, қачонки намоз адо қилингач ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи) дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.
Демак, Аллоҳ таъолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларидан бирида айтдилар: “Аллоҳ таъоло ҳунарманд бандани яхши кўради”.
Жаноб расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бошқа ҳадисларда одамларни касб-ҳунар қилишга ва шу орқали ризқ топишга чорламоқдалар. Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: “Илм талаб қилиш фарз бўлганидек, касб-ҳунарни талаб қилиш ва уни эгаллаш фарздир”.

Инсон ўзи учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқатлар ва бошқа рўзғор анжомлари, либос ва шу каби бошқа нарсаларга муҳтож бўлади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади. Ўтган барча Пайғамбарлар, элчилар бирор касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечирганлар. Одам алайҳиссалом буғдой сепканлар ва уни ўриб, дон қилиб тегирмондан ўтказиб, хамир қориб нон ясаганлар. Нуҳ алайҳиссалом дурадгор-уста бўлганлар. Иброҳим алайҳиссалом баззозлик қилганлар, Довуд алайҳиссалом совут, Сулаймон алайҳиссалом чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўй боққанлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб, ҳалол-пок ҳаёт кечирганлар.
Хуллас, Аллоҳ таъоло бандаларига ҳалол ризқ-рўз сабабларини эгаллашга, уни эгаллаш учун саъю-ҳаракат қилишга амр этмоқда.
Ризқ берувчи Аллоҳнинг ягона ўзидир. Инсон қалбида Аллоҳ таъолога таваккул қилмоғи, қўл оёғи, фаҳму-идрокини ишга солиб яшаш восталарига эга бўлмоғи лозим. Инсон Аллоҳнинг иноятида бўлади ва ундан ҳалол ризқ беришини ва ризқ топишини осон қилишини сўрайди. Аллоҳ барча нарсага қодир Зот!
Мамлакатимиз ўзининг мустақиллигига эришган дастлабки вақтлариданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада таккомиллаштириш ва уларниг моддий ва маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. Келажакка ишонч билан қараш, халқ хўжалигининг турли сохаларида ҳалол мехнат қилиш хар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Аллоҳ таъоло бу фаолиятларимизда Ўзи ёру мададкор бўлсин! Омин!

Тавҳид жоме масжиди
имом ноиби Тошматов Исмоил

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *