Рамазон – руҳий покланиш ойи

Рамазон ойи ўлкамизга соя ташлади. Бу муборак ойни мўмин-мусулмонлар доимо ўзгача бир соғинч ва хурсандлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир оилага ўзига хос қувонч улашади. Аллоҳ таоло бандаларини ушбу ойда кундузи еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийиб рўза тутишга буюрган. Бу ойда киши энг муҳим фазилатлардан бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади, жасаднинг закоти эса рўзадир”. Закот покловчи демакдир. Озиқ-овқат танага озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Таомсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшай олмайди, маънан чарчайди.

Рўза нимадан иборат? Албатта, очликдан иборат, очликнинг эса кўплаб жисмоний ва руҳий фойдалари бор. Тиббиёт мутахассислари ўтказган тадқиқотларнинг хулосаларига кўра, рўза тутиш ўпка, склероз, тутқаноқ, саратон, қанд, экзема, аллергия, бронхиал астма, бронхит, бавосил, жигар, ичак, бўғинлар шиши қайтишига фойда берар экан. Шунингдек, юракнинг атрофини ёғ қоплаб қолишига йўл қўймайди, қон босими ортишига қаршилик қилади, қон айланишини фаоллаштиради, қон томирлари торайишининг олдини олади, шаҳвоний майлни камайтиради, тўқималарда тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради, буйракда тош пайдо бўлишидан сақлайди, семизликка монелик қилади, Иммунитетни кўтаради.

Инсонда очлик ҳолати қалбдаги иллат ва ғуборларни, кибр ва манманликни кетказади. Ёмон ишларга мойил бўлишнинг олдини олади, уйқуни камайтириб, бедор бўлишга, тоат-ибодатга чорлайди, фаровонлик ва тўқликка шукр қилишга ўргатади. Очларнинг ҳолатини ҳис этиб, уларга ёрдам беришга ундайди.

Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам бехосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доимо маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмайди.

Буюк машойихлардан, тариқати нақшбандиянинг пири комиллардан бири Муҳаммад Зоҳид Қутқу ҳазратлари шундай дейдилар: “Рўзани фақат жасадингга тутдирма, руҳинг ҳам рўзадор бўлсин”.

Бир куни Расулуллоҳ (алайҳис-салом) минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб “Омийн”, дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна “Омийн”, дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам “Омийн”, дедилар. Хутбани ўқиб минбардан тушганларида саҳобалар: “Ё Расулоллоҳ, хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима учун 3 марта “Омийн”, дедингиз?”, деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳис-салом) дедилар: “Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил келиб, дедилар: “Кимни олдида сизнинг исмингиз айтилганда сизга салавот айтмаса, Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг” деди. “Омийн”, дедим. Яна айтдики: “Эй Муҳаммад, қайси фарзанд ота-онаси тирик бўлиб ёки иккалаларидан бирлари ҳаёт бўла туриб, уларнинг ризоликларини ололмай, ўлиб дўзахга кирса, бундай имкониятни бой берган фарзанддан Аллоҳ таоло ундан узоқлашади “Омийн”, денг” деди.  “Омийн”, дедим”. Кейин яна деди: “Эй Муҳаммад, ким Рамазон ойини ўтказиб, кейин ўлса-ю гуноҳи кечирилмаган бўлса, ундан ҳам Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг”, деди. “Омийн”, дедим.

Ким мана шу ҳолатни хоҳлайди? Албатта, ҳеч ким. Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиш зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин”.

Яъни “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши: “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир. Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.

 Ҳар бир амалнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи бор бўлгакни каби рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса руҳий покланиш, нафсни тарбиялаш, гуноҳлардан четланиш ва хулқни яхшилаш билан бўлади.

Ихтиёр ҳар биримизнинг қўлимизда, Қиёматда Парвардигорнинг олдига борганда пўстлоқ билан борамиз-ми ёки пўстлоқнинг мағзи билан-ми?

Носиров Ботир

Ховос тумани “Ҳуснобод”

масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *