ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ

Ота она учун энг муҳим вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир. Ушбу масъулиятни теран ҳис этган ота-оналар фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор бериб, ҳар қандай шароитда ҳам жигарбанди билан шуғулланишга вақт топади.
Ҳадислардан бирида: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,— деб айтганлар. Чунки, эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота — она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.
Табиийки, фарзанд тарбиясида қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши лозим, деган савол туғулади. Уламолар қуйидаги жиҳатларни алоҳида эътироф этганлар:
Фарзанднинг ақли шакллана бошлаши билан унга ахлоқ-одоб, илм ўргатиб бориш лозим. Ота-она ўз фарзандининг ҳушмуомала, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Шу сабабли тарбиянинг яна бир муҳим йўналиши ахлоқий тарбиядир. Зеро, мустаҳкам эътиқод ўз-ўзидан гўзал ахлоқни тақозо этади.
Фарзанднинг ёмон одатларни ўрганмаслигида жавобгарлик ота-она зиммасидадир. Ўғил-қизнинг юриш-туриши, муомаласи, кийинишига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Яна бир муҳим вазифа жисмоний тарбиядир. Ота-она бола соғлом, вужудининг тўғри ривожланиши, жисмонан бақувват бўлиши учун масъулдирлар. Бунда боланинг ўзи қизиққан спорт тури билан шуғулланиши, оилада жисмоний меҳнат билан банд қилиш катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 104 – моддасида: “Ота – оналар ўз фарзандларини вояга етганларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган.
Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар хил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди.
Келажак авлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу каби савобли мақсад ва вазифани нафақат тарбия билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки барча — барчамиз ўз олдимизга асосий мақсад сифатида қўйишимиз лозим.

“Ҳазрати Ҳизр” жомеъ масжиди
имом-хатиби: А.Эралиев

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *