Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишларига эътиборлари

  1. Баданларига эътибор беришлари
  2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баданларининг тозалигига алоҳида эътибор берардилар ва бошқаларни ҳам баданларини тоза тутишга буюрардилар.
  3. Ҳар ҳафтада бир марта ғусл қилардилар.
  4. Ҳар доим овқатланишдан олдин ҳам, кейин ҳам қўлларини ювишни канда қилмасдилар.
  5. Ҳар қандай ҳолатларида мисвок ишлатишдан эринмасдилар.
  6. Ҳар доим ўз баданлари ва ундаги маълум бир аъзоларни тозалашга риоя қилардилар. Бунга мўйловни, тирноқларни қисқартириш, қўлтиқ ости тукларини юлиш, қовуқ тукларини қириш кабиларни мисол келтириш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло яхшидир, яхшиликни севади. У покдир, покизаликни севади. У саховатлидир, саховатни севади. У сахийдир, сахийликни севади», «Ўзларингизни имкон борича пок тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло Исломни поклик устига барпо қилди. Жаннатга ҳам фақат поклар киради», дея покизаликка буюриб, нопокликдан қайтарардилар.

У зот алайҳиссалом терлаганларида мушки анбардан ҳам ёқимли ва хушбўй ҳид таралгани баданларининг доимо тоза юрганига энг катта далилдир. Ҳидлари шу қадар хушбўй эдики, кўчадан ўтиб қолсалар, ҳамма ёқни ёқимли ҳид тутиб кетарди. Бундай ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос фазилатларидан бўлганига ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди.

  1. Сочларига эътибор беришлари

Пайғамбар алайҳиссалом сочларини покиза тутиш, тараш ҳамда ёйиб юриш билан парваришлардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ёғлардилар, соқолларини тарардилар ва кўпинча бошларига (ёғ суртганларидан кейин саллага тегмасин деб) ёпинчиқ ўрардилар».

  1. Кўзларига эътибор беришлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом сурмадонларини олиб, ҳар кечаси бир кўзларига уч марта, иккинчи кўзларига уч марта сурма сурардилар».

  1. Тишларига эътибор беришлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлганларидан кейин тишларини хилол қилиб, тозалашга эътибор берар ва: «Умматимнинг хилол қилувчилари нақадар яхши», деб мақтардилар. Бир куни саҳобалар: «Хилол қилувчилар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганда: «Улар таҳорат олишда ва таом тановул қилишда хилол қилувчилардир. Таҳоратда хилол қилиш – бу оғизни чайқаш, бурунни ҳамда бармоқлар орасини ювиб, тозалашдир. Таомдаги хилол қилиш эса унинг қолдиғидан тишларни тозалашдир. Чунки икки фариштага ўз соҳибини намозда турган ҳолатида тишлари орасида таом қолдиғини кўришларидан кўра оғир ботадиган нарса йўқ», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан олдин, таҳорат пайтида, ухлашдан олдин, ухлаб тургандан кейин, уйга киришда ва уйдан чиқишда мисвок ишлатишга риоя қилардилар. Бу эса муборак оғизларининг ҳиди доимо хушбўй бўлишини таъминлар эди.

Пайғамбар алайҳиссалом оғиз ва тишларни тоза тутишга буюриб, кўпинча: «Мисвок оғизни тозаловчи, Аллоҳ таолони рози қилувчи нарсадир» «Агар умматимга машаққат бўлиб қолмаса, уларни ҳар намозда мисвок ишлатишга буюрган бўлардим», дер эдилар.

Баззор ва Имом Табаронийнинг ривоятида: «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда, уларга таҳорат олишни қандай буюрган бўлсам, ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга ҳам шундай буюрган бўлардим», дейилган.

Ғиёсиддин Баратов

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.