Бугунги кунда ёшлар орасида фейсбук, телеграм, инстаграм, твиттер каби ижтимоий тармоқ турлари оммалашди. Кишини саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқарашининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу сабабдан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири хисобланади.
Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмокда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғаразли йўлида кенг фойдаланиб, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда бехаёлик, турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам халқимиз хусусан, ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Хозирги даврда энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири–ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўхтонлар ва уйдирмаларни урчитиш холатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўхтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси-кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.
Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби бошқа мусулмон учун харомдир.
Бузғунчи тўдалар, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмокда.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки фатво бу дин демакдир. Шунинг учун машхур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин рахматуллохи алайҳи: “бу илм-диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” деганлар. (имом муслим ривояти).
Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини тахқирлаш, тухмат-бўхтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари мусулмон оммасини илмий рахбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир, Албатта, ижтимоий тармоқларни буткул ёмонга чиқаришга хаққимиз йўқ. Хаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунё қарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоғига мурожат қиламиз. Муҳими улардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшларни ақлан ва рухан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига хушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳаммаджон Ғоибов
Сирдарё тумани «Бахт» жоме масжиди имом-хатиби