Инсон хотираси-юксак қадрият

Истиқлол шарофати билан миллатимиз, халқимизнинг шаъни, қадр- қиммати,ғурур-ифтиҳори, маънавияти ва миллий       қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузумнинг турли даврларида қатағон қилинган, қатл этилган юзлаб юртдошларимиз, Ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Бундай савобли ва ҳайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 Ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида жонини фидо қилган аждодларимизни хотирлаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардандир.

Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шахидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси мустабид тузум даврида зулм ва тажовуз қурбони бўлган минглаб Ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг бир намунасидир. Бундай мўтабар масканларни зиёрат қилиш киши руҳини поклайди, эзгуликнинг абадий экани ҳақида фикр қилишга ундайди. Айни чоғда шундай зиёратгоҳлар ва қадамжолар бугунги тинч ва хотиржам ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синовлар ва машаққатлар эвазига эришганимизни ёш авлодларга англатадиган, уларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат масканидир.

Тирикларни боримизни, дийдоримизни ғанимат билиб бир-биримизни қадрлашимиз, ўтганларимизни бизлардан дуо умидида ётганларни миллату мамлакат, дину диёнат, она юрт учун хизмат қилиб ўтиб кетганларни хотирламоқлигимиз бизларнинг инсоний бурчимиз, исломий вазифамиздир.

          Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари  имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!

Аллоҳ таоло бизларга ҳаёт манҳажини ўргатияпди.Ўтганлар билан қандай муомалада бўлишимиз даркор тириклар билан қандай муомалада ўзимиз билан қандай муомалада бўлишимиз керак.

        Имом Абу Жаъфар Варроқ Таховий айтганларидек: Аллоҳ таоло тирикларнинг ўликлар ҳаққига қилган дуоларини албатта қабул айлайди. Тирикларнинг ўтганлар ҳаққига берган садоқотларини қабул айлаб улар учун охират дастурхони тайёрлаб қўяди. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилувчи, даражаларни кўтарувчи зотдир ва ҳар бир нарса Аллоҳнинг қўлидадир.

Бу азиз юрт, она ватан не не байрамларни кўрди ва не не мусибатларни кўрди.Бу она юрт бу улуғ ватан бу муқаддас тупроқнинг устида қанчадан қанча улуғ инсонларнинг жисмлари юрди. Унинг остида не не улуғларнинг жасадларию иймонлари ётибди. Мозийга қараб иш қўрмоқ хайрлидир. Аждодларимизни бирларини хотирларини билиш уларни номларинидан хабардор бўлиш бизлар учун шараф бизлар учун фарзандлик бурчдир.

Бундан  ташқари, ўтиб кетганларнинг доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларни ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”

Ўтганларни ҳамиша яхшиликлар билан хотирлаб, ҳақларига доу-ю хайру фотиҳалар айтиб яхши хислатларни зикр қилишлигимиз зарур. Агар биз ўтганларимизни руҳларини шодлантириш уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга яхшилик қилишади.”

Шариатимизга кўра, ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амалларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлинглар! Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у зиёрат туфайли фоний дунёдан зоҳидроқ ва охиратни эсловчироқ бўласизлар”.

Гулистон шаҳар “Тавҳид”
масжиди имом – хатиби
Ботиржон домла Носиров