Диндаги муҳим вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир. Ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг тарбиясига доимо жиддий эътибор қаратиши лозим. Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-оналарнинг бепарволиги туфайли турли хил нотўғри йўлларга кириб кетиши мумкин. Фарзандларимизни беписандлик, ўткинчи ҳою ҳаваслар гирдобига тушиб, ён атрофдагиларни менсимаслик, ўзидан катталарга ҳурматсизлик каби салбий иллатларнинг ўрнини ҳалимлик, ҳуш муомала ва самимийлик каби қатор фазилатлар билан тўлдириш сизу бизнинг бурчимиздир.
Динимиз бизларни камтар, тавозели бўлишга буюрган экан, “тавозе” сўзининг асл маъносини ҳам кўриб чиқайлик. “Тавозе” луғатда “камтар, ҳокисор, оддий, сипо, камсуқум, юввош” каби бир неча сўзлар билан изоҳланса-да, кўпроқ бу камтарликни, кибрнинг зиддини англатади. Камтарлик ва кибрнинг ҳам бошқа хулқлар каби икки тарафи ва ўртаси мавжуд. Ортиқчаликка мойил бўладиган хулқ тарафи “такаббурлик” деб номланади. Ноқисликка мойил бўладиган хулқ тарафи “пасткашлик ва хорлик” деб аталади. Буларнинг ўртачаси “тавозе” деб номланади. Тавозе – бу севимли хулқдир. Тавозе-камтарлик гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади.
Дарҳақиқат, банда ўзини қанчалик ҳокисор тутса, шунчалик иззат ва шарафларга сазовор бўлади. Чунки банда учун белгиланган мақом – ҳокисорлик, қулликдир. Банда шу мақом томон одимлар экан, унинг қадамларига ҳасанот ёзилади, ўзи иззат ва шараф соҳибига айланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам камтарлик ва ҳоксорликда бутун умматга ибрат бўлганлар. У зот ҳаммага биринчи бўлиб салом берганлар, ҳатто болаларни ҳам ҳурматлаганлар, аҳли-аёлларининг хизматини қилганлар, оёқ-кийимларини ўзлари ямаганлар, қўйларини ўзлари соққанлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларининг бирида бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло менга: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).
Тавозе сифатига эга инсонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна шундай ҳадислари бор: “Мискин бўлмагани ҳолда ўзини хокисор тутувчи, маъсиятсиз йиққан молидан инфоқ-эҳсон қилувчи, мискину фақирларга раҳм қилувчи, фиқҳ ва ҳикмат аҳлига аралашиб юрувчи кишиларга қандай яхши!” (Табароний ривояти).
Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ даргоҳида ҳам мақтовга лойиқ бўлади. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўядилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг қалбида хантал уруғича такаббурлик бўлса жаннатга кирмайди», деганлар» (Имом Термизий ривояти); Ҳориса ибн Ваҳбдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан: «Сизларга дўзах аҳллари хабарини берайми?» деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Жунайд Бағдодий айтадилар: «Тўрт нарса бандани олий даражаларга кўтаради, гарчи унинг амали ва илми оз бўлса ҳам: тавозелик, ҳалимлик, сахийлик ва чиройли хулқ. Булар эса имоннинг мукаммаллигидир». Донишмандлардан бири шундай деган: “Ким ўз нафсини бирор қийматга эга деб ҳисоблар экан, демак, у тавозедан бенасибдир. Барчанинг тавозели бўлгани яхши: агар бой тавозели бўлса, ҳаммасидан ҳам яхши!”
Аллоҳ таоло барчаларимизни камтар ва тавозели бандалари қаторида қилиб, улкан гуноҳ ҳисобланган ва банданинг жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган кибр балосидан паноҳида асрасин!
Янгиер шаҳар “Абдукаххор хожи” жоме масжиди имом-хатиби Хуршид домла Асланбаев