Мусобақа кўтаринки руҳда бошланди

“Муфтий соврини – 2025” мини-футбол мусобақаси Республика босқичи финал ўйинлари бошланди. Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъул ходимлари, ҳакамлар, вилоят бош имом-хатиблари, мутасадди вакиллари, футбол фахрийлари ва шайдолари иштирок этди.

Мусобақа аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Барча иштирокчилар қўлларини кўксига қўйиб, унга жўр бўлишди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокчиларни финал учрашувларига чиққанлари билан муборакбод этиб, давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан спортга берилаётган эътибор, эришилган натижалар ва ўтказилаётган мазкур мусобақа диний соҳа ходимлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаши, дўстлик ва меҳр-муҳаббат туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг Самарқанд ва Сурхондарё жамоаларининг учинчи ўрин учун уйинларига старт берилди. Ундан кейин Наманган ва Қорақалпоғистон жамоалари биринчи ўрин учун кураш олиб боришади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати