“Тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” Гулистон туманидаги сайёр учрашув

2025 йил 5 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда юртимиздан 2025 йилда муборак Ҳаж сафарига борган ҳожиларимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қурбон ҳайити муносабати билан йўлланган табрикларда “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ғояси илгари сурилган эди.

Ушбу эзгу ғоя доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси 2025 йил 2 декабрь куни Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги «Акбарали ота» жоме масжидида бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти вакиллигининг масъул ходимлари, туман бош имом-хатиблари, отинойилар, шунингдек «Ҳаж–2025» сафарида бўлиб қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди. Йиғилишга вилоят вакили ўринбосари Абдурауф домла Ёрбеков раҳбарлик қилди.

Дастлаб Абдурауф домла Ёрбеков кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар, ишчи гуруҳ аъзоларининг масъулиятлари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари ҳақида йиғилганларга батафсил тушунчалар берди.

Шундан сўнг тумандаги 9 та масжид имом-хатиблари ҳамда шаҳар–туман бош имом-хатиблари «Ҳаж–2025» ҳожилари билан биргаликда 20 та маҳаллага ташриф буюришди. Ташрифлар давомида юздан зиёд хонадонга кирилиб, аҳолининг турмуш шароити, муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тавсия ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, турли йўналишлардаги носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказилди.

Тадбир доирасида имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 100 та, отинойилар эса 4 тоифага мансуб 24 та, жами 124 та оилаларга кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам ишларини амалга оширдилар.

Ушбу тадбирнинг асосий мақсади — юртимизда инсон қадри ва шаъни улуғлигини яна бир бор намоён этиш, аҳолига яхшилик улашиш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шунингдек ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан асраб, тўғри йўлга йўналтиришдан иборатдир.

Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.