Ислом динимиз бизларга ўзимизнинг ўқитувчиларимиз ва устозларимизга қандай муносабатда бўлишимиз, илм аҳлини ҳурмати қандай жойига қўйишимиз кераклигини ўргатади. Бугунги кунда баъзи ҳолалларда, мусулмон бўлиб ёки мусулмонларнинг фарзанди бўла туриб, ўзларимизнинг устозларимиз, муаллимларимизга нисбатан ҳурматимиз, муомаламиз тамоман юз тубан бўлиб, жаҳолатга қараб кетмоқда. Ҳаттоинки айрим ота-оналар ўзларининг шириндан шакар фарзандларининг гапига қулоқ солиб, илм нурини тарқатадиган устозларини, билимсизлик ботқоғидан қутқариб, илмли доно қилиб қўйган муаллимларини кўнгилларини синдириб кетадилар.
Имом Суютий роҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: Илм аҳлини улуғлаганлари боисидан фаришталар илм талаб қилиб келган ҳар бир инсонни оёғининг остига ўз қанотларини ёядилар. Бирор ерда агар илм мажлиси бўлса, улар учишдан тўхтаб, мажлис аҳлига қулоқ соладилар ва
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаганларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик йўлга тенг”.
Дин сизу бизга устозларни ва илм аҳлини қандай ҳурмат қилишни ўргатади. Ҳар бир ўзини мусулмон деган киши илм аҳлини ҳурмат қилиши лозим.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар:
“Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”.
Бизлар ҳам бизларга ва фарзандларимизга илм ўргатган устозларимизга ман шунчалик даражада таъзимда бўлишимиз даркор.
Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ толиби илм устоз танлашда ушбу нарсаларга аҳамият беришини айтадилар: аҳли илмлар орасида энг олимини (чунки ўшанинг илми билан кифояланасан), парҳезкор (гуноҳ ишлардан йироқ) ва тақводорроқ (ундан Худотарсликни ўрганасан), ёши улуғ (тажрибаси кўп), юмшоқ кўнгил (чунки устознинг феъли ўқувчига албатта ўтади), сабр матонатли (келажакда дарс беришга ибратли муаллим бўлишга тайёр бўлади) ва салобату виқорлик (чунки аҳли илм учун бундай сифат хор бўлмаслигига сабабчи бўлади).
Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда, устозларини кўриб олдидан келаётган зиёратчини кўзларидан ўпиб, у зиёратчига жуда қаттиқ эҳтиром кўрсатдилар. Сўнг устозларининг саломини эшитиб, хурсанд бўлиб, Бухорои шарифга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирдилар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқидилар.
Қаранг, қандай ибратли воқеа, устозлари узоқда, ғойибда бўлсаларда худди ҳузурларида тургандек ҳурмат бажо келтирдилар. Албатта, ажаб эмаски, у зотнинг улуғ мақому мартабага эришганликлари сабаби устозларини мана шу даражада ҳурмату эҳтиром қилганлари боисдан бўлган бўлса.
Хорун ар Рашид ўғилларини имом Асмоъий ҳузурларига илм ва одоб ўрганмоғи учун юбордилар. Бир куни устоз ҳазратларининг таҳорат олаётганларини кўриб қолдилар. Хорун ар Рашиднинг ўғиллари эса оёқларига сув қуяр эди. Шунда халифа ҳазратлари имом Асмоъийга: “Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргансин деб жўнатган эдим, шундай экан нима учун бир қўли билан сув қуйиб, бошқаси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз?!” дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳаттоки уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар инсонларга яхшиликни ўргатган муаллим ҳаққига дуо қиладилар”.
Аллоҳ таоло бизларга илм ўргатган устозларимизни икки дунё саодатига етказсин. Юрт равнақи, порлоқ келажак учун бор имкониятларини ишга солиб, билим ва кўникмаларини шогирдларига ўргатишликда уларга кучу-қувват, матонат ва сабр-бардош тилаймиз.
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
масжиди имом-хатиби:
Хуршид Асланбаев.